АҚШ Ўзбекистоннинг муҳим ҳамкори
Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А.Жуманазаров Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник билан учрашув ўтказди.
АҚШ анъанавий равишда Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий ҳамкори ҳисобланиши, 2024 йилда товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга кўпайиб, ўзаро товар айирбошлаш 881,7 млн долларга етганлиги ва лойиҳалар портфели 11 миллиард доллардан ошгани, албатта савдо-иқтисодий алоқалар ривожланишида стандартлаштириш ва техник жихатдан тартибга солиш алоҳида ўрин тутиши қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган учрашувда мамлакатлар ўртасидаги савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш, ўзаро етказиб бериладиган маҳсулотлардаги миллий стандартларни халқаро стандартлар билан мувофиқлаштириш, техник тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида соҳасида ҳамкорлик кўламларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Стандартлаштириш соҳасида Американинг American National Standards Institute (ASTM) ва ASTM International ташкилотлари билан олиб борилаётган ҳамкорлик масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, мутахассислар билан алмашиш, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳасидаги ишларни ташкил қилиш учун корхоналар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва ушбу ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Лабораториялар фаолияти билан танишиб, лабораториялардаги шарт-шароитлар халқаро стандартлар ва меъёрий талабларга мослиги элчи Жонатан Хеник томонидан эътироф этилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишни учун барча саъй-ҳаракатни ишга солишга тайёр эканликларини билдирди.
Ш.Маматуропова, ЎзА