АҚШ Окинавадаги қотиллик суриштирувида Японияга ёрдам беради
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Япониянинг Окинава оролида америкалик денгиз пиёдаси томонидан маҳаллий аёл ўлдирилиши билан боғлиқ ҳодиса юзасидан олиб борилаётган терговда Япония расмийлари билан тўлиқ ҳамкорлик қилишга ваъда берди.
Давлат департаменти маълумотига кўра, Рубио Япония ташқи ишлар вазири Тосимицу Мотэги билан телефон орқали гаплашиб, марҳум фуқаронинг оиласига чуқур ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, АҚШ томони тергов жараёнида мамлакат ҳукумати ва маҳаллий ҳокимият идоралари билан яқин ҳамкорлик қилиш, жараёнга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлиги таъкидланган.
Маҳаллий полиция маълумотига кўра, Футенма денгиз пиёдалари қўшинида хизмат қилувчи Девин Жейкоб Баллард 4 октябрь куни Наха шаҳридаги меҳмонхонада 39 ёшли Анна Ягига нисбатан талончилик ва қотилликда гумонланиб қўлга олинган. Аскар ўзига қўйилган айбловни инкор этяпти.
Ҳудудда оммавий норозилик келтириб чиқарган ушбу фожеа ортидан минтақадаги Америка ҳарбийлари учун бир ой муддатга комендантлик соати жорий этилди. Шунингдек, спиртли ичимлик истеъмол қилиш тақиқланиб, интизом қоидаси бўйича махсус машғулот ўтила бошланди.
Маълумки, кун чиқар юртда АҚШнинг хориждаги энг йирик ҳарбий контингентларидан бири жойлашган. Мамлакатдаги 18 000 америкалик денгиз пиёдаси қўшинининг асосий қисми Окинава оролида хизмат қилади.
Мулоқот давомида Рубио ва Мотэги Халқаро жиноят судига нисбатан АҚШ томонидан жорий этилган санкция, шунингдек 30 октябрь куни Атланта шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган G20 мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари саммити масалаларини ҳам муҳокама қилган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА