АҚШ Куба президенти ва унинг оиласига нисбатан санкция жорий этди
АҚШ Куба президенти Мигел Диас-Канелга қарши кенг қамровли санкциялар жорий этди. Бу чора давлат раҳбарининг оила аъзолари ва қатор муҳим ташкилотларни ҳам қамраб олиб, АҚШ-Куба муносабатларида янги босқични очиб бермоқда.
Расмий Вашингтон Куба президенти Мигел Диас-Канелга нисбатан чеклов чоралари қўлланганини эълон қилди. АҚШ Молия вазирлиги маълумотига таяниб “Reuters” агентлиги хабар беришича, мазкур санкциялар рўйхатига давлат раҳбаридан ташқари унга алоқадор бир қатор жисмоний ва юридик шахслар ҳам киритилган.
Хусусан, янги чекловлар яна тўрт нафар жисмоний шахс ва беш ташкилотни ўз ичига олади. Улар орасида Куба биринчи хоними Лис Куэста Пераза, Кастро сулоласининг икки нафар аъзоси ҳамда мамлакат Инқилобий қуролли кучлар вазирлиги бор. Куба ҳукумати ҳозирча ушбу қарор юзасидан расмий баёнот бергани йўқ.
Маълумот ўрнида, 66 ёшли Мигел Диас-Канел 2018 йилдан буён ушбу Кариб ҳавзаси давлатини бошқариб келяпти. У ҳокимиятни Кубанинг афсонавий раҳбари Фидел Кастронинг укаси Раул Кастродан қабул қилиб олган эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА