Ақш-Эрон рақобати хавфли босқичга кўчмоқда
Яқин Шарқдаги кескинлик яна бир поғона кўтарилди. Ҳурмуз бўғози атрофида АҚШ ҳарбий вертолёти ҳалокатга учрагач, Вашингтон Эрон ҳудудидаги қатор ҳарбий объектларга зарба берди. Орадан кўп ўтмай, Теҳрон ҳам минтақадаги Америка ҳарбий иштироки нишонга олинган ҳаракатни бошлади. Шу тариқа икки давлат ўртасидаги қарама-қаршилик дипломатик майдондан ҳарбий босқичга силжиш хавфини намоён қилди.
Ҳодисалар занжири АҚШнинг “AH-64 Apache” русумли ҳужум вертолёти билан боғлиқ воқеадан кейин тезлашди. Америка томони вертолёт Эрон дрони билан тўқнашганини маълум қилди. Ҳолат тасодифлиги ёки ҳаракат атай амалга оширилгани ҳозирча аниқлаштирилмаган. Вашингтон бу воқеани ўз кучларига қарши тажовуз сифатида баҳолади ва қисқа вақт ичида ҳарбий жавоб чораларини ишга туширди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги Ҳурмуз яқинида жойлашган ҳаво мудофааси тизими, кузатув радари ва бошқарув пункти нишонга олинганини маълум қилди. Расмий изоҳда операция “мутаносиб жавоб” сифатида тавсифланмоқда. Бинобарин, минтақадаги воқеалар ривожи шундан далолат берадики, ҳар қандай “чекланган зарба” ҳам кенг кўламли тўқнашувга туртки бериши мумкин.
Теҳрон ҳам ҳужумга жавобсиз қараб турмаслигини кўрсатди. Кувайт, Баҳрайн ва Иордания ҳудудида ҳаво ҳужуми хавфидан огоҳлик қўнғироғи янгради. Айрим ракета ва учувчисиз учоқлар ҳавода йўқ қилинган эса-да, воқеа Форс кўрфази давлатлари хавфсизлик муҳити қанчалик нозиклигини яна бир бор намоён этди.
Бу жараёнда муҳими ҳарбий эмас, балки иқтисодий омил ҳисобланади. Зеро, дунё нефтининг салмоқли қисми айнан шу бўғоз орқали ташилади. Минтақадаги ҳар қандай кенг кўламли тўқнашув энергетика бозорига босимни кучайтириши, нефть нархини ошириши ва глобал инфляцияни рағбатлантириши мумкин.
Сўнгги ойларда Вашингтон ва Теҳрон музокараси қайта жонланиши эҳтимоли ҳақидаги хабарлар тарқалган эди. Ҳатто эҳтимолий келишув муҳокамаси ҳам кун тартибига чиққанди. Афсуски, навбатдаги ҳарбий амалиёт томонлар ўртасидаги ишонч даражаси ҳамон пастлигини кўрсатмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат бор: бугунги кунда АҚШ ва Эрон ўртасидаги ҳар қандай қарама-қаршилик фақат икки давлат билан чекланиб қолмайди. Форс кўрфази мамлакатлари, Исроил, Ливан, Сурия ва халқаро энергетика бозори бевосита ушбу жараённинг таъсир доирасига тушади. Шу сабабли Ҳурмуздаги ҳар қандай ҳодиса глобал хавфсизлик масаласи сифатида қабул қилинади.
Ҳозирча томонлар тўлиқ кўламли урушга тайёрланаётганига далил йўқ. Фақат воқеалар ривожи шундан дарак бермоқдаки, Яқин Шарқдаги вазият ҳар қандай кичик хатони катта инқирозга айлантириши мумкин бўлган нуқтага етиб келган. Яъни, Ҳурмуз бўғози яна бир бор нафақат савдо йўли, балки халқаро сиёсатнинг энг хавфли нуқталаридан бирига айланмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА