АҚШ – Эрон музокараси чигаллашмоқда
“Reuters” агентлиги ёзишича, АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон томонининг сўнгги таклифини кескин танқид қилган ва бу ҳолат Вашингтон ва Теҳрон ўртасида можарони тўхтатиш бўйича келишувга эришиш умидини сусайтиряпти.
Трамп журналистлар билан мулоқотда Эрон юборган жавобни қабул қилиб бўлмаслигини айтиб, 7 апрелдан амал қилиб келаётган ўт очишни тўхтатиш режими жуда заиф ҳолатга келиб қолганига эътибор қаратган.
Маълумотга кўра, Эрон АҚШ таклиф этган шартга рози бўлмаган. Теҳрон урушни бутун фронт бўйлаб тўхтатиш, жумладан Ҳизбуллоҳ билан боғлиқ можарони ҳам қамраб олишни талаб қилмоқда. Шунингдек, Ҳурмуз бўғози устидан мустақил назорат ҳуқуқини сақлаб қолиш, АҚШдан ҳарбий зарар учун товон пули олиш ва денгиз қамалини бекор қилишни сўраган.
Вашингтон аввал можарони тўхтатиб, кейинроқ ядровий дастур каби мураккаб масала бўйича музокара ўтказишни таклиф этган эди. Келишмовчилик асносида нефть бозорида ҳам кескин ўзгариш кузатилди. “Brent” нефти нархи 104 доллардан ошди. Мутахассислар буни Ҳурмуз орқали денгиз қатнови кескин қисқаргани билан изоҳламоқда. Уруш бошланишидан олдин дунё нефть ва суюлтирилган газ ташувининг салмоқли қисми шу йўлак орқали амалга оширилган.
Хабарларга қараганда, ҳужумдан хавотир сабаб, айрим нефть танкерлари навигация тизимини ўчирган ҳолда ҳаракатланмоқда. Шунингдек, Қатардан суюлтирилган газ ортиб йўлга тушган яна бир кема бўғоз орқали ўтишга урингани айтилмоқда.
АҚШ Эрон нефтини Хитойга етказишга алоқадор шахс ва компанияларга қарши янги санкция жорий қилди. Вашингтон шу тариқа Теҳрон ҳарбий ва ядровий дастурларини молиялаштириш манбаларига зарба бериш ниятида.
Айни пайт Марко Рубио Австралия ва Британия ташқи ишлар вазирлари билан Ҳурмузда эркин ҳаракатни тиклаш масаласини муҳокама қилди. Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан эса Қатарда можаро ва денгиз хавфсизлиги масаласи юзасидан музокара ўтказиши кутиляпти.
Д.Ҳакимов, ЎзА