АҚШ-Эрон музокаралари ортга сурилди (+видео)
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Швейцарияда Эрон билан ўтказилиши режалаштирилган музокараларда иштирок этиш учун белгиланган сафарини бекор қилди, деб хабар берди Euronews
Жума куни Швейцарияда АҚШ ва Эрон расмийлари учрашиб, бу ҳафта имзоланган ўзаро англашув меморандумини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиши керак эди. Музокараларда Покистон ва Қатар вакиллари воситачилик қилиши режалаштирилган.
Бироқ пайшанба куни кечқурун Оқ уй вакили Жей Ди Вэнс логистик қийинчиликлар сабабли Швейцарияга сафарини кейинга қолдирганини маълум қилди.
Швейцария Ташқи ишлар вазирлиги ҳам музокаралар бошқа муддатга кўчирилганини тасдиқлаган. Шунингдек, Швейцария музокараларга кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.
Чоршанба куни АҚШ президенти Дональд Трамп ва Эрон президенти Маъсуд Пезешкиён икки давлат ўртасидаги зиддиятга барҳам беришга қаратилган дастлабки келишувни имзолаган эди.
Вақтинчалик келишувга кўра, томонларга якуний битимни ишлаб чиқиш учун 60 кун муҳлат берилган. Ҳужжат шартларига асосан, АҚШ Эронга нисбатан денгиз блокадасини бекор қилиши, Теҳрон эса Ҳурмуз бўғозини қайта очиши керак.
Томонлар Ливанни ҳам қамраб олган ҳолда барча фронтларда ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш бўйича ҳам келишиб олган.
Дастлабки келишув имзоланган бўлсада, якуний битим ишлаб чиқиш учун Швейцария музокаралари муҳим босқич ҳисобланади. Афсуски, жума кунига белгиланган музокаралар ортга сурилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/NAJonWvjRHk" title="AQSH-Eron muzokaralari ortga surildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К.Бекжонов, А.Ахмедов (видео),ЎзА