АҚШ элчиси Сурхондарёда
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан яқиндан танишиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама этиш учун келган Америка Қўшма Штатларининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Даниел Розенблюм бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Айни пайтда вилоятда АҚШ бизнес вакиллари сармояси иштирокида 2 та корхона фаолият юритмоқда.
АҚШ фавқулодда ва мухтор элчиси Даниел Розенблюм бошчилигидаги делегация билан учрашув чоғида вилоят ҳокими Тўра Боболов Сурхондарёнинг иқтисодий, ижтимоий, жуғрофий имкониятлари ҳамда ўзига хос инвестициявий хусусиятлари, қўшни Афғонистоннинг Балх вилояти билан фаол ҳамкорлик алоқалари, чегара олди ҳудудда барпо этилаётган «Термиз» эркин иқтисодий зонаси ва «Термиз» халқаро савдо марказида яратилаётган замонавий шароит ҳамда қулайликлар тўғрисида сўз юритди. Меҳмонларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Учрашувда Даниел Розенблюм мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, Сурхондарё вилояти билан савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, таълим ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, Термиз шаҳрида бепул инглиз тилини ўрганиш, ушбу тильдаги ўқув ва маданий материаллардан фойдаланиш, АҚШда таълим бўйича маслаҳат олиш имкониятини берувчи «Америка бурчаги»ни очиш ғояларини илгари сурди. Мазкур таклифлар қўллаб-қувватланди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси делегацияси вилоятга 3 кунлик сафари давомида Термиз давлат университети, Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалида бориши, музейлар, шунингдек, қатор тарихий қадамжолар ва бошқа туризм объектларини томоша қилиши кўзда тутилган.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА