Антибиотикни ўзбошимчалик билан ичиш нималарга олиб келади?
Бугун оддий инфекцияни даволашга ёрдам берган антибиотик эртага самара бермаслиги мумкин. Бунинг сабабларидан бири микроорганизмларнинг дориларга чидамлилиги, яъни антимикроб резистентликнинг кучайишидир.
Антибиотикни шифокор тавсиясисиз қабул қилиш, дозани ўзбошимчалик билан ўзгартириш ёки вирусли касалликларда ундан фойдаланиш эса бу муаммони янада кучайтириши мумкин. Санэпидқўмита Яккасарой туман бўлими санитария врачи —Шоҳруҳмирзо Эркинов билан мавзу юзасидан суҳбатлашдик.
Унинг тушунтиришича, антимикроб резистентлик фақат шифокорлар ёки шифохоналар муаммоси эмас. У кундалик ҳаётимиздаги қарорлар — қайси дорини ичишимиз, уни қандай қабул қилишимиз ва инфекциядан қандай ҳимояланишимиз билан ҳам бевосита боғлиқ.
Антибиотик нега аввалгидек таъсир қилмай қолади?
Антимикроб резистентликни содда қилиб тушунтирганда, айрим микроорганизмларнинг уларни йўқ қилиш ёки кўпайишини тўхтатиш учун ишлатиладиган дориларга чидамли бўлиб бориши тушунилади. Натижада илгари самарали бўлган даволаш усули кутилган натижани бермаслиги мумкин. Инфекцияни даволаш кўпроқ вақт талаб қилиши, қўшимча дори воситалари ёки бошқа тиббий чоралар зарур бўлиши эҳтимоли ортади.

Бу жараённинг олдини олишда эса битта муҳим тамойил бор. Антибиотик қанча оқилона ишлатилса, унга чидамли микроорганизмларнинг пайдо бўлиши ва тарқалиши хавфини камайтириш шунча осонлашади.
Энг кенг тарқалган хато: антибиотикни ҳар қандай шамоллашда ичиш
Кўпчилик учун «антибиотик» сўзи кучли дори дегани. Шу сабабли шамоллаш, томоқ оғриғи ёки иситма пайдо бўлганда антибиотик ёрдам беради, деган қараш учраши мумкин.
Аммо антибиотиклар бактериялар сабаб бўладиган айрим инфекцияларни даволаш учун қўлланади. Вируслар сабаб бўладиган грипп, ЎРВИ каби касалликларда эса антибиотик вируснинг ўзига таъсир қилмайди.

Шунинг учун:
• антибиотикни ўзича бошламаслик;
• бошқа одамга буюрилган антибиотикни қабул қилмаслик;
• дорининг дозасини ўзбошимчалик билан ўзгартирмаслик;
• даволаш тартибини шифокор билан маслаҳатлашмасдан бузмаслик керак.
«Олдин шу дори ёрдам берганди» деган сабаб бу сафар ҳам айнан ўша антибиотик керак дегани эмас, дейди шифокор — Шохруҳмирзо Эркинов. Инфекциянинг сабаби, беморнинг ҳолати ва зарур бўлса, текширув натижалари даволаш усулини белгилашда муҳим.
Инфекцияни даволашдан ҳам олдинроқ бошланадиган ҳимоя
Антимикроб резистентликка қарши кураш фақат янги дори яратишдан иборат эмас. Энг муҳим йўналишлардан бири — инфекцияларнинг ўзини камайтириш. Чунки одамлар камроқ касалланса, антибиотикларга эҳтиёж ҳам камаяди.

Бу эса оддий санитария-гигиена қоидаларидан бошланади. Хусусан:
қўлни тўғри ювиш,
хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш,
озиқ-овқатни тўғри сақлаш,
хоналарни тоза тутиш,
инфекция тарқалишининг олдини олиш.
тиббиёт муассасаларида эса дезинфекция, стерилизация, тиббий чиқиндиларни тўғри бошқариш ва инфекция назорати
Яъни антибиотикка чидамли инфекцияга қарши кураш дори ичишдан эмас, касалликнинг олдини олишдан ҳам бошланади.
Қўл ювиш — антимикроб резистентликка қарши курашнинг ҳам бир қисми
Қўл гигиенаси оддий одат бўлиб кўриниши мумкин. Аммо инсон қўллари кун давомида жуда кўп буюм ва юзаларга тегади: эшик тутқичи, телефон, иш қуроллари, транспортдаги юзалар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқалар. Агар қўллар ўз вақтида ва тўғри ювилмаса, микроорганизмлар бир одамдан бошқасига ёки турли юзалардан инсон организмига ўтиши мумкин.
Шу сабабли қўлни:
• овқат тайёрлашдан ва овқатланишдан олдин;
• ҳожатхонадан фойдалангандан кейин;
• жамоат жойларидан қайтгач;
• бемор билан мулоқотдан олдин ва кейин;
• ифлосланган юзаларга текканидан сўнг тўғри ювиш муҳим.
Оддий гигиена қоидаси — инфекцияларни камайтириш орқали антибиотикларга бўлган эҳтиёжни ҳам камайтиришга ёрдам беради.

Дезинфекция ва стерилизация: номи ўхшаш, вазифаси ҳар хил
Тиббиёт муассасаларида инфекция назоратининг муҳим қисмларидан бири — дезинфекция ва стерилизация. Уларни бир хил тушунча деб қабул қилиш тўғри эмас. Дезинфекция ташқи муҳитдаги касаллик қўзғатувчиларини камайтиришга қаратилган. Стерилизация эса тиббий асбоб-ускуналардаги микроорганизмларни тўлиқ йўқ қилишга қаратилган жараёндир. Бу тадбирларнинг белгиланган талаблар асосида ва сифатли бажарилиши тиббий ёрдам жараёнида инфекция юқиши хавфини камайтиришга хизмат қилади. Шунинг учун санитария-эпидемиологик назоратда фақат «дезинфекция қилинмоқдами?» деган савол эмас, «у белгиланган талаб ва сифат мезонларига мувофиқ бажарилаяптими?» деган савол ҳам муҳим.
Лаборатория назорати, дори танлашда муҳим маълумот
Антимикроб резистентликни назорат қилишда лаборатория текширувлари ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Лаборатория орқали касаллик қўзғатувчисини аниқлаш ва унинг айрим антибиотикларга сезгирлигини баҳолаш мумкин. Бундай маълумотлар шифокорга даволаш тактикасини танлашда ёрдам беради. Бундан ташқари, мунтазам лаборатория кузатувлари маълум ҳудуд ёки муассасада қайси микроорганизмларнинг дориларга чидамлилиги ортиб бораётганини аниқлаш имконини беради. Демак, лаборатория назорати — фақат битта бемор учун эмас, санитария-эпидемиологик вазиятни баҳолаш учун ҳам муҳим восита.

Антибиотикни тўғри қабул қилиш — фақат шифокорнинг эмас, беморнинг ҳам масъулияти
Антибиотик буюрилганда беморнинг вазифаси ҳам жуда муҳим. Дорини ўзбилармончилик билан бошламаслик, бошқа беморнинг рецепти асосида қабул қилмаслик, дозани ўзгартирмаслик ва даволаш тартибини ўзбошимчалик билан бузмаслик керак. Айниқса, «бир-икки кун ичдим, тузалиб қолдим, энди тўхтатаман» ёки «бу сафар камроқ ичсам ҳам бўлади» каби қарорларни мустақил қабул қилиш тўғри эмас. Даволаш давомийлиги ва тартиби бўйича шифокор кўрсатмасига амал қилиш муҳим.
Антимикроб резистентликка қарши курашда ким масъул?
Бу муаммони фақат шифокор зиммасига юклаб бўлмайди. Шифокор — антибиотикни асосли равишда тавсия қилиши ва беморга тушунарли кўрсатма бериши керак. Фармацевт — дори воситаларидан оқилона фойдаланиш бўйича белгиланган тартиб ва талабларга риоя қилиши муҳим. Лаборатория мутахассиси — қўзғатувчини аниқлаш ва унинг дори воситаларига сезгирлигини баҳолашда иштирок этади. Санитария-эпидемиологик хизмат — инфекцияларнинг олдини олиш, тарқалишини назорат қилиш ва профилактик тадбирларни ташкил этади. Аҳоли эса антибиотикларни ўзбошимчалик билан қабул қилмаслик, гигиена қоидаларига риоя қилиш ва инфекцияларнинг олдини олишга масъулият билан ёндашиши керак. Шу сабабли антимикроб резистентликка қарши кураш — тиббиёт тизими ва жамиятнинг умумий вазифаси.

Энг самарали антибиотик — керак бўлмай қолган антибиотик
Бу мавзунинг энг муҳим фикрларидан бири шуки, антимикроб резистентликни фақат янги дори яратиш орқали ҳал қилиб бўлмайди. Инфекцияларнинг олдини олиш, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш, тиббиёт муассасаларида инфекция назоратини кучайтириш, лаборатория назоратини йўлга қўйиш ва антибиотиклардан оқилона фойдаланиш — ягона тизимнинг бир-бирини тўлдирувчи қисмларидир. Ҳар бир инсоннинг кундалик қарори бу жараёнга таъсир қилади.

Антибиотикни шифокор тавсиясисиз ичмаслик, ўзича дори алмаштирмаслик, гигиенага амал қилиш ва юқумли касалликларнинг олдини олишга эътибор бериш — оддий кўринадиган, аммо жамоат саломатлиги учун муҳим қадамлар.
Антимикроб резистентлик келажакдаги муаммо эмас — унга қарши кураш бугунги кундалик одатлардан бошланади.
Касаллик пайдо бўлгандан кейин уни даволашдан кўра, унинг олдини олиш кўпинча анча самарали йўлдир. Шунинг учун санитария саводхонлиги, инфекция назорати ва антибиотиклардан оқилона фойдаланиш бир-биридан ажралмас тушунчалар сифатида қаралиши керак, дейди Санэпидқўмита Яккасарой туман бўлими санитария шифокори Шоҳруҳмирзо Эркинов.
Шифокор интервьюсини ЎзА мухбири Моҳичеҳра Эшмирзаева ёзиб олди.