Анталияга «пресс-тур» ташкил этилди
Туркияда айни пайтда «Пандемия шароитида туризм» лойиҳаси амал қилмоқда. Туркия Маданият ва туризм вазирлиги жорий йил ёз мавсумида «Соғлом туризм сертификати» дастурини ишлаб чиқди. Лойиҳа ва дастурда 2023 йилда мамлакатга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини 75 миллионга етказиш режалаштирилган.
Ана шу лойиҳа ва дастурга мувофиқ, 21-25 июнь кунлари Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маданият ва туризм бўлими ташаббуси билан қадимий ва замонавий шаҳар – Aнталияга “Safe Tourisim”, яъни “Хавфсиз туризм” мавзусида “Инфо-тур” ташкил этилди. Унда мамлакатимиздан бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Анталия Туркиянинг жанубидаги Ўрта ер денгизи соҳилидаги курорт ва порт шаҳри ҳисобланиб, унда 3 миллионга яқин аҳоли яшайди. Шаҳар, айниқса, ёз фаслида сайёҳлар билан тўлиб-тошади. Шаҳар ҳудуди эски ва янги 5 та туман (Аксу, Душемеалти, Кепез, Коняалти, Муратпаша) га бўлинади. Анталияга милоддан аввалги 159 йилда Пергамон қироли Атталус II буйруғи билан асос солинган. Шу боис Атталус II нинг ҳайкали шаҳар марказига ўрнатилган. Бой тарихга эга мазкур маскан ўтмишда императорлар шаҳри, деб ҳам номланган.
Анталия сайёҳлар энг кўп келадиган шаҳарлар рўйхатида биринчи ўринда туради. Туркия ҳудудининг 60 фоиздан ортиқроқ ери тоғ ва боғлардан иборат бўлганлиги туфайли бу ерга йилнинг исталган вақтида сайёҳлар ташриф буюради.

Жаҳон иқтисодиётига соя солган пандемия Анталияга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади.
Қайд этилишича, бугунги кунда Анталияда икки мингга яқин меҳмонхона фаолият кўрсатади. Шаҳар Ўрта ер денгизи соҳилига туташиб кетган, денгиз ва шаҳар ўртасида қурилганига қарийб 300 йил бўлган уйлар бор.
****
Сайёҳларни ўзига ром этган Дюден шаршаралари Ўрта ер денгизи соҳилида жойлашган бўлиб, баландлиги 30 метрга тенг. Шаршара Дюден дарёси ирмоғидан бошланади. Бу дарё эса Анталиядан ўттиз километр узоқликда жойлашган. Шаршара босим билан ер остидан отилиб чиқади ва денгизга қуйилади.

Анталия субтропик иқлимга эга, қиши илиқ, ёмғирли, ёзи эса иссиқ ва қуруқ бўлади. Анталияда туризм мавсуми баҳорнинг май ойидан бошланади.
Ёзнинг қоқ чилласида чарақлаб турган қуёш бир зумда ўрнини булутларга бўшатиб беради ва шаррос ёққан ёмғир қуёш тиғида куйган таналарга ажиб бир енгиллик ва роҳат баҳш этади.

Анталия болаларни севади. Шаҳарда жажжи қалб соҳиблари учун барча шароит мавжуд. Ресторандаги ўриндиқлардан тортиб коляскалару махсус нишабларгача! Анталияда ташкил қилинган The Land of Legends тематик парки нафақат болалар, балки катталарга ҳам ўзгача завқ беради. Бу ерда болалар учун махсус қурилган беш юлдузли Kingdom меҳмонхонаси жойлашган, унда болалар ўзларини эртакдагидек ҳис қилишади. Анталияда болаларнинг нафақат яхши дам олиши, балки интеллектуал ривожланиши ва дунёқарашини кенгайтиришига ёрдам берувчи кўплаб жойлар бор.
* * *
Апельсин бу — гесперид резавор мева турларидан бири бўлиб, етиштириш жараёни қийин кечадиган ва йилнинг бирорта фаслида нархи “пастламайдиган” мева ҳисобланади. Нордон апельсин тахминан 10 асрда Европа ҳудудига португалиялик денгизчилар, ширини эса 15 асрда генуялик савдогарлар томонидан келтирилган.
Анталияда ҳар қадамда апельсин боғига дуч келасиз. Апельсин боғига қадам ташлашингиз билан димоғингизга ажиб ва ёқимли ҳид урилади. Дарахтларда осилиб турган ва ерга тўкилиб ётган апельсин мевалари кўзни қувнатади.

Шаҳар аграр соҳада ҳам етакчи ўринда туради. Анталияда апельсиндан ташқари зайтун, анор, ҳар хил турдаги мева-сабзавотлар ҳам етиштирилади. Бугунги кунда шаҳарда бир миллиондан ортиқ иссиқхона ташкил қилинган. Туркиянинг деярли барча ҳудудига айнан Анталия иссиқхоналарида етиштирилган мева-сабзавотлар етказиб берилади.
Иккинчи асрда хайрия йўли билан бунёд этилган театр бугун ҳам гавжум. У Салжуқийлар даврида қайта таъмирланган. Баландлиги 7 қаватли иморатга тенг мазкур бино ўз ичига 17 минг томошабинни сиғдирган.
Бу ерда доимий тарзда классик мусиқа концерти, опера ва балет томошалари намойиш этилади. Томошабинлар ҳатто саҳнадаги пичирлаган овозни ҳам эшита олади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА