ANSO Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди
ANSO – Халқаро илмий ташкилотлар альянси бўлиб, Хитой Фанлар академияси ҳамда дунёнинг қирққа яқин халқаро илмий ва олий таълим муассасалари томонидан ташкил этилган.
ANSO сайтида Хитой Фанлар академияси томонидан яратилган “COVID-19”га қарши рекомбинант вакцинанинг Ўзбекистонга кириб келиши ҳақида мақола чоп этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов “ZF-UZ-VAC2001” вакцинаси бўйича юртимизда ўтказилган тадқиқотларни қўллаб-қувватлагани учун ANSO ташкилоти ва “Zhifei Longcom” компанияси раҳбарларига миннатдорчилигини билдирди. “Биз жамоавий ишимиз ва дўстона ҳамкорлигимиз туфайли мана шу босқичгача етиб келдик, – деб қайд этган вазир. – Мен бу шу соҳадаги ишларимизнинг бошланиши ва энг катта марралар олдинда эканига ишонаман!”
Март ойининг биринчи куни Хитой Фанлар академияси томонидан яратилган ва “Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co., Ltd”да ишлаб чиқарилган “ZF-UZ-VAC2001” Ўзбекистонда фавқулодда қўллаш учун давлат рўйхатида ўтишида ANSO ташкилотининг ҳиссаси катта.
2020 йил август ойидан бошлаб ANSO котибияти мазкур вакцинанинг III фаза клиник синовларини жорий этиш бўйича 20 дан ортиқ онлайн-семинар ўтказди. Унда Хитой Фанлар академияси олимлари, “Zhifei Longcom” компаниясининг фармацевтлари ҳамда Ўзбекистон, Чили, Филиппин, Бразилия, Жанубий Африка, Гана, Сенегал, Шри-Ланка, Покистон, Қозоғистон, Туркия каби мамлакатларнинг илм-фан намоёндалари ва тиббиёт ходимлари иштирок этди.
Инновацион ривожланиш вазирлигининг қўллаб-қувватлови билан 2020 йилнинг декабрь ойида мазкур вакцинанинг III фаза клиник синовлари бошланди. 7 минг нафар кўнгиллида ўтказилган тадқиқотлар натижаси вакцинанинг хавфсизлигини ва юқори самарадорлигини кўрсатди (илмий натижалар яқин кунларда нашр этилади). Бу, ўз навбатида, вакцинадан фавқулодда фойдаланиш ва маркетинги билан шуғулланиш учун рухсат берилишига сабаб бўлди.
ANSO Ўзбекистон ҳукуматига, олимлари ва кўп сонли кўнгиллиларга мана шу шарафли ишга ўз ҳиссаларини қўшгани учун миннатдорлик билдирди. “Пандемиядан кейинги осойишта ҳаётимиз сари қадам ташларканмиз, ANSO илм-фан, техника ва инновациялар соҳасида ҳамкорликда глобал муаммоларни ечишда тобора фаол иштирок этишга ҳаракат қилади. Биз ташкилотимиз аъзолари бўлган илмий муассасалар ва шерикларимиз билан пандемияни енгиш бўйича ҳамкорликдаги янада каттароқ ишларни амалга оширишга умидвормиз”, дейилади мақолада.
Муаттар Бурҳонова, ЎзА