Анқарада адабиёт байрами ўтказилди
Шу йилнинг 6-8 ноябрь кунлари Туркия пойтахти – Анқара шаҳрида Туркий дунё адибларининг 5-анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизматига кўра, тадбирга иштирок этиш учун туркий тилда ижод қилаётган 100 нафар шоир, ёзувчи, адабиётшунос таклиф этилган. Ушбу ижодий-амалий қурултой Адабиёт ва санъат асарлари муаллифлари уюшмаси – ILESAM томонидан амалга оширилди.

Шу ўринда ILESAM ҳақида икки оғиз маълумот бериб ўтсак. Ушбу ташкилот Туркия Вазирлар Кенгаши томонидан ташкил этилган. У адабиёт, санъат соҳасида фаолият юритаётган ёзувчи, шоир ва олимларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда тарғиботи билан шуғулланади. Уюшма Маданият ва туризм вазирлиги билан ҳамкорликда ишлайди. Унинг 3500 дан ортиқ аъзоси бор.
ILESAM Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳомийлигида тайёрлаган Туркий дунё адибларининг 5-анжумани лойиҳасида Озарбайжон халқ ёзувчиси Анар, Қозоғистон халқ шоири Улуғбек Эсдавлат, Қирғиз халқ шоири Хўжагелди Култегин, туркиялик ёзувчи Ёқуб Умар ўғли, македониялик шоира Лейла Шариф, эронлик шоира ва таржимон Рукаи Кабир каби таниқли ижодкорлар иштирок этди. Мазкур анжуманда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид ҳам қатнашди.

Анқара Миллий кутубхонасида бўлиб ўтган ижодий-амалий анжуман иштирокчилари беш гуруҳга бўлиниб, беш хил мавзуда иш олиб борди. Туркий дунё адибларининг 5-анжумани таассуротларга бой бўлди. 5-анжуман таклифи билан навбатдаги тадбир икки йилдан сўнг Ўзбекистонда – Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

Н.Усмонова, ЎзА