ANOR BANK рекламада муҳим маълумотларни кўрсатмагани учун жаримага тортилди
Рақобат қўмитаси Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро мурожаати асосида “ANOR BANK” АЖ томонидан инстаграм ижтимоий тармоғида жойлаштирилган реклама ахборотини ўрганди.
Мурожаатда банк эълон қилган акция ҳақидаги рекламада акция шартлари тўлиқ кўрсатилмагани қайд этилган.
Ўрганишлар давомида рекламада молиявий хизматлар бўйича истеъмолчи қарор қабул қилиши учун муҳим бўлган маълумотлар, жумладан, акциянинг амал қилиш шартлари, белгиланган лимит ва лимитдан ошган тақдирда қўлланиладиган комиссия ҳақидаги маълумотлар берилмагани аниқланди.
Шу муносабат билан Қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги қонуни 16, 21 ва 43-моддалари талаблари бузилгани юзасидан «ANOR BANK» АЖга нисбатан иш қўзғатилди. Ишни кўриб чиқиш якунларига кўра, банкка нисбатан молиявий жарима қўлланилди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслигини таъминлаш мақсадида банкка бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА