Анор, анжир, узум фестивали
Кўҳна ва боқий Бухородаги етти пирдан иккитаси – Хўжа али Ромитаний ва Муҳаммад Бобойи Самосий Ромитан тумани Қўрғон ҳудудида мангу қўним топган. Бу ерда яшовчи аҳолиси жуда меҳнаткаш. Қўрғонликлар азалдан анор, анжир, узум етиштириш ҳадисини олган. Шунинг учун “Анор, анжир, узум” фестивали айнан Қўрғон ҳудудида ўтказилди.
Фестиваль Хўжа али Ромитаний қадамжоси ёнида ўтказилди. Тадбирда наинки ромитанликлар, вилоят, республика, ҳатто чет эллардан ҳам меҳмонлар қатнашди. Қўрғонликлар меҳнатлари меваси – анор, анжир, узумларнинг хилма-хил навларини, улардан тайёрланган маҳсулотларни татиб кўрди.
– Биргина анорнинг йигирма хилдан ортиқ нави бор, – дейди миёнсаройлик Муҳайё Исломова. – Мана бу нав-новвоти, доналари оқишча бўлсада жуда ширин, буниси гулоби, йирик-йирик донаклик, жигарранг, жуда ширин, нордон, ўта нордон анорларимиз ҳам борки ҳар ким истаганини тановул қилади.
Фестивалга Работ қишлоғида яшовчи Мақсад Муродова анжир қоқининг бир неча навларини олиб келди. Унинг айтишича, бу маҳсулотлар республика вилоятлари, Россия ўлкаларигача етказиб берилар экан.
–Фарзандларим, невараларим, эвараларим турли соҳаларда ишлайди. Улар бўш вақтини анорзор, анжирзорда ўтказади, – дейди Азизон маҳалласидан келган 80 ёшли Саломат ая Жўраева. – Мезон қуёшидан тўйинган келин бармоқ, чарос, тоифи, қора кишмиш, гулоби сингари узумлар шакар боғлабди. Хуллас, қадимий Қўрғонтепа ҳудуди бағри меҳмонга, уларга узатилган анору анжир, узум навларига тўлди.
– Жуда мазали, бунақасини татиб ҳам кўрмаганмиз, – дейди туркиялик меҳмон Иной Закир жаноблари. Албатта, бу ширин меваларни юртимга ҳам олиб бораман. Гўзал фестиваль ҳақида юртдошларимга ҳам гапириб бераман.
Ромитанлик санъаткорлар, фольклор дасталарнинг чиқишлари ҳаммани рақсга чорлади.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА