Ангрендаги сайёр қабул: мурожаатдан амалий ечим сари
Тоғ-кон саноатида ишлаб чиқариш жараёнларининг барқарорлиги, корхоналар фаолиятининг самарадорлиги ва соҳада меҳнат қилаётган инсонларнинг манфаатларини таъминлаш бир-бири билан узвий боғлиқ. Шу боис тармоқдаги масалаларни фақат корхона ёки ташкилот доирасида эмас, балки аҳоли ва тадбиркорлар билан бевосита мулоқот орқали ўрганиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, тоғ-кон саноати ривожланган ҳудудларда фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатлари соҳадаги муайян масалалар, ишлаб чиқариш жараёнлари, инфратузилма ёки меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бундай мурожаатларни жойида эшитиш эса муаммонинг сабабини аниқроқ ўрганиш ва уни ҳал этишда масъул ташкилотларни бир жараёнга жалб қилиш имконини беради.
Шу нуқтаи назардан, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида ўтказилган сайёр қабул ҳам аҳоли ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқотни таъминлашга қаратилган тадбирлардан бири бўлди.
Қабулда Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова, вазирлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари, “Ўзбеккўмир” АЖ ҳамда соҳадаги бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Учрашув давомида фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатлари тингланиб, кўтарилган масалалар масъуллар иштирокида кўриб чиқилди. Бу жараёнда мурожаатларни фақат қабул қилиш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг ечимини таъминлаш бўйича кейинги қадамлар ҳам белгилаб олинди.
“Ўзбеккўмир” АЖ ахборот хизмати раҳбари Неъмат Душаевнинг сўзларига кўра, бундай қабулларнинг муҳим жиҳати мурожаатларни бевосита жойида ўрганиш ва масалага дахлдор ташкилотлар билан биргаликда ечим излаш имконияти мавжудлигидадир.
– Сайёр қабуллар асосида фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатларини бевосита жойида ўрганиш, уларни қийнаётган масалаларни масъул ташкилотлар иштирокида муҳокама қилиш ва амалий ечимлар белгилаш имконияти яратилмоқда. Бу каби мулоқотлар соҳадаги муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга, – деди у.
Қабул жараёнида айрим мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қўшимча ўрганишни талаб этадиган масалалар эса тегишли ташкилотларга йўналтирилиб, уларни ҳал этиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгиланди.

Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, мурожаатнинг қабул қилиниши масаланинг якуний ечими эмас. Унинг самараси, аввало, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши ва фуқаро ёки тадбиркор кўтарган масаланинг амалда ҳал этилиши билан белгиланади. Шу маънода, Ангрендаги сайёр қабулда қўшимча ўрганиш талаб этиладиган масалаларнинг назоратга олингани кейинги жараён учун муҳим қадам.
Сайёр қабулларнинг яна бир аҳамиятли томони эса соҳа мутасаддилари билан аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтиришидир. Бундай мулоқотлар орқали ҳудуддаги масалаларни жойида кўриш, мурожаатларнинг сабабларини чуқурроқ ўрганиш ва уларни ҳал этишда масъул ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш имкони кенгаяди.
Ангрендаги қабул ҳам шу жиҳатдан фуқаролар ва тадбиркорлар мурожаатларини эшитиш билан бирга, соҳадаги мавжуд масалаларни жойида ўрганиш ва улар бўйича амалий чоралар белгилашга қаратилган мулоқот майдони бўлди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА