Ангренда ишбилармон аёллар тажриба алмашди
Ўз ишини йўлга қўйиб, янги иш ўринлари яратаётган, хизмат ва маҳсулотларини кенгайтиришга интилаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида тажриба алмашиш ва ҳамкорликни кучайтириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада турли лойиҳа ва кўрик-танловлар тадбиркор аёлларнинг ўз салоҳиятини намоён этиши учун ўзига хос майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида белгиланган лойиҳалардан бири — “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг ҳудудий босқичи ҳам шу мақсадларга қаратилди.
Ангрен шаҳрида ташкил этилган тадбирда ЎзЛиДеП Тошкент вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Насиба Ғафурова, партия вилоят Кенгаши Аёллар тадбиркорлиги ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўлими мудири Диёра Болтаева, партия фаоли Дилноза Пардаева ҳамда партия Ангрен шаҳар Кенгаши аппарати раҳбари Муқаддам Норбоева иштирок этди. Танловда туризм, дам олиш ва даволаш хизматлари, тиббиёт, тўқимачилик, тикувчилик, қандолатчилик ва ҳунармандчилик каби йўналишларда фаолият юритаётган хотин-қизлар иштирок этди. Улар ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш этиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш тажрибаси, эришган натижалари ва келгуси режалари ҳақида маълумот берди.

Кўргазма жараёнида иштирокчилар нафақат ўз маҳсулот ва хизматларини тақдим этди, балки турли соҳаларда фаолият юритаётган тадбиркор аёллар билан тажриба алмашиш имконига ҳам эга бўлди. Мижозлар билан ишлаш, хизмат сифатини ошириш, фаолиятни кенгайтириш ва янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикрлар билдирилди.
Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг амалга ошираётган лойиҳалари, эришган натижалари, янги иш ўринлари яратиш борасидаги фаолияти ва тадбиркорлик ташаббусларини баҳолади. Якунда танловнинг Тошкент вилояти босқичида иштирок этадиган номзодлар саралаб олинди. Якунда биринчи ўринни “Янгиобод” санаторийси раҳбари, халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгаши депутати Дилноза Бегматова эгаллади.

– Бу танлов бизга ўз фаолиятимизни намойиш этиш билан бирга, турли соҳаларда ишлаётган тадбиркор аёллар билан тажриба алмашиш имконини берди, — дейди Дилноза Бегматова. – Янги бизнес ҳамкорлар билан танишдик, келгусида биргаликда ишлаш бўйича фикрлашдик. ЎзЛиДеП аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга, бизнес вакилларининг муаммоларини бевосита тинглаб, уларнинг ижобий ечимини топишга эътибор қаратаётгани қувонарли. Тадбиркор учун ўз ташаббуси қўллаб-қувватланаётганини ҳис қилиш ҳам катта рағбат.
Иккинчи ўрин “Шуҳрат Паризод” хусусий клиникаси раҳбари Н.Абдалиевага насиб этди. “Сабина Бейкери” МЧЖ раҳбари Г.Раджабова ҳамда “Ёқубхон Текстил” НЧЖ раҳбари С.Сайдуллаева учинчи ўринга муносиб деб топилди. Шунингдек, бошқа иштирокчиларнинг кўргазмалари ва тадбиркорлик лойиҳалари ҳам ҳакамлар ҳайъати томонидан ижобий баҳоланди. Танлов якунида иштирокчиларга дипломлар, ташаккурномалар, эсдалик совғалари ва гулдасталар топширилди.

Муҳими, “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови Ангренда тадбиркор хотин-қизларнинг фаолияти, амалий ташаббуслари ва янги ғояларини кўрсатиш билан бирга, улар ўртасида тажриба алмашиш ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Танловда тақдим этилган лойиҳалар эса хотин-қизларнинг янги иш ўринлари яратиш, хизматлар кўламини кенгайтириш ва маҳаллий иқтисодий фаолликни оширишдаги иштирокини намоён этди.
А.Мусаев,ЎзА