Андижонлик профессор-ўқитувчилар Кeгeйлида
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил февраль ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Қорақолпоғистон Республикасидаги умумтаълим мактаблари инфратузилмасини яхшилаш, таълим сифатини ошириш, малакали кадрлар таёрлаш бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб берган эди.
Мазкур топшириқлар ижроси доирасида Андижон давлат университетининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари Кегейли туманидаги умумтаълим мактабларида бўлди.
Университет матбуот хизматининг хабарига кўра, дастлаб университет профессор-ўқитувчилари Кегейли тумани халқ таълими бўлими мудири ва фаоллари иштирокида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан учрашув ўтказилган. Шундан сўнг тумандаги 10-умумтаълим мактабида университет ва мактаб ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор маданий-маърифий, илмий ва спорт тадбирлари ташкид этилган.
Мактаб ўқувчилари ўртасида, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган спорт мусобақаларида ўқувчилар волейбол, стол тенниси, арқон тортиш ва шахмат бўйича баҳслашди. Ўқувчилар учун маҳорат дарслари ўтказилди. Шунингдек, мактаб ўқитувчилари билан ўқитиш методикаси, ўқитишга илғор иш услубларини жорий этиш юзасидан тажриба алмашилди.
Университетнинг «Заковат» клуби координатори ташаббуси билан ўқувчи ва ўқитувчилар ўртасида ташкил этилган интеллектуал беллашув иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Андижон давлат университети томонидан мактабнинг қатор синфларига ўқув жиҳозлари – стол, стул, доскалар, шунингдек, бадиий китоблар топширилди.
Қорақалпоқ миллий куй-қўшиқлари янграган маданий тадбир, қорақалпоқ ўқувчиларининг “Андижон полкаси” га ўйнаши, ўқувчилар томонидан айтилган шеърлар барчада унутилмас таассурот қолдирди.
Ҳамкорлик доирасида бу каби тадбирларни тез-тез ўтказиб туришга келишиб олинди.

Ф. Убайдуллаев,
ЎзА мухбири