Андижонлик чемпионлар шарафланди
Андижон шаҳридаги “Navruz Mall” кўнгилочар савдо мажмуасида бокс бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Ҳасанбой Дўсматов ҳамда оғир атлетика бўйича Осиё чемпионлигига эришган Руслан Нуруддиновни тақдирлашга бағишланган шоу-тадбир бўлиб ўтди.
Пойтахтимиз Тошкентда қарийб икки ҳафта давом этган бокс бўйича жаҳон чемпионатида мамлакатимиз боксчилари муваффақиятли иштирок этди. Мазкур чемпионатда терма жамоамиз боксчилари 5 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида дунёда тенгсиз эканлигини намойиш этди.
Терма жамоамиз аъзоси Ҳасанбой Дўстматов финал ўйинида 51 килограмм вазн тоифасида франциялик Биллал Беннамага қарши рингга кўтарилди. Беллашувнинг илк раундида боксчимиз рақибини нокаутга учратиб, жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Айниқса, Ҳасанбой Дўсматовнинг 2023 йилда ўтказилган жаҳон чемпионатининг “Энг яхши боксчиси”, деб эътироф этилганлиги барча юртдошларимизни қувонтиради.
[gallery-11897]
Юртимизнинг яна бир номдор спортчиларидан бўлган Руслан Нуруддинов оғир атлетика бўйича Жанубий Кореяда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 109 килограмм вазн тоифасида чемпионликни қўлга киритди. Руслан Нуруддинов даст кўтариш мусобақасида 177 килограмм, силтаб кўтаришда 228 килограмм оғирликдаги тошни кўтариб, олтин медаль ва Осиё чемпионлигига сазовор бўлди. Оғир атлетикачимиз икки кураш натижасига кўра, 405 килограмм билан энг яқин таъқибчисини 6 килограммга ортда қолдирди, ўз вазн тоифасида Осиёда тенгсиз эканини яна бир карра намойиш этди.
Кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этган тақдирлаш тадбирида сўз олган вилоят ҳокимлиги котибияти мудири Элёрбек Холмирзаев ва бошқалар чемпионларни эришган ютуқлари билан муборакбод этди. Чемпионларга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди. Бокс бўйича жаҳон чемпиони Ҳасанбой Дўсматов ҳамда оғир атлетика бўйича Осиё чемпиони Руслан Нуруддинов эътибор, эътироф учун Президентимизга, вилоят ҳокимлигига, барча мухлисларга миннатдорлик билдирди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),