Андижон – туркий дунёнинг маданият пойтахти
Халқаро туркий маданият ташкилоти - TURKSOY Доимий кенгашининг 2025 йилда Қозоғистоннинг Актау шаҳрида бўлиб ўтган 42- йиғилишида Андижон шаҳри 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти деб эълон қилинган эди.
Жорий йил февраль ойида эса Туркиянинг Анқара шаҳрида жойлашган TURKSOY бош қароргоҳида ана шу мақом доирасидаги дастлабки тадбир Андижон тақдимотига бағишланган тантанали маросим ўтказилиб, Андижоннинг бой тарихий-маданий мероси, санъат ва маданияти анъаналари намойиш этилди. Шунингдек, йил давомида амалга оширилиши режалаштирилган маданий дастурлар бўйича маълумотлар тақдим этилди.
Нима учун Андижон туркий дунёнинг маданият пойтахти деган номга, мақомга муносиб кўрилди?
Шу ўринда Андижон ўзининг қадим ёдгорликлари, тарихий тараққиёти, бугунги кунда эришаётган ютуқлари, ўзига хос анъана ва қадриятлари билан ана шу номга муносиб, десак асло муболаға бўлмайди.


Андижон ҳақиқатдан ҳам туркий дунёнинг қадим тарихий масканларидан бири ҳисобланади. Қолаверса, ушбу гўша Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон юртнинг ўзига хос, такрорланмас гўзал ва оҳанрабо масканларидан биридир. У дунёга машҳур олиму шоирлар, зукко ва омилкор инсонлар, миришкор деҳқону уста тадбиркорлар юрти. Қолаверса, Андижон ўзининг қадим ва салобатли тарихи, табиати, ривожланиш йўли, хушфеъл, ширинсўз, меҳмондўст одамлари билан мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан ажралиб туради.
Бугунги кунда Андижонда амалга оширилаётган улкан қурилиш, бунёдкорлик ишлари, андижонликларнинг ташаббус, интилиш ва изланишлари нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда эътироф этилаётгани ҳам ҳақиқат.
Асакадаги автомобиль заводида ишлаб чиқарилаётган турли русимдаги автомобиллар эса ўзбек автомобилсозлигини дунёга танитмоқда.
Агар мозийга назар ташласак, вилоят ҳудудида жойлашган бир неча минг йиллик тарихга эга Сарвонтепа, Эйлатон, Мингтепа, Далварзинтепа каби тарихий ёдгорликлар, “Қутайба Ибн Муслим”, “Имом ота”, “Биби сешанба”, “Фозилмон ота”, “Қорабош ота”, “Ховускон ота” сингари юзлаб зиёратгоҳлар юртимизнинг қадим тарихи ҳақида кенг маълумотлар берувчи, кўплаб мусулмон давлатларида машҳур бўлган ноёб масканлар ҳисобланади.


Биргина “Мингтепа” археология ёдгорлиги ҳақида тўхталадиган бўлсак, тарихий манбалар ҳамда археолог-олимларнинг маълумотларига кўра, ушбу ёдгорлик қадимда юксак даражада тараққий этган Довон (аксарият манбаларда “Даван” деб келтирилади) номи билан машҳур давлатнинг пойтахти Эрши шаҳрининг харобалари деб тахмин қилинади.
Манбаларда ёзилишича, “Мингтепа” қадимда, милоднинг V асрларида Фарғона водийси ҳудудида аҳоли зич яшаган Довон давлатининг маркази, яъни бош шаҳри бўлган. Унинг тарихи ҳақидаги илк маълумотлар Хитой манбаларида учрайди. “Буюк ипак йўли”да жойлашган бу маҳобатли шаҳар ривожланган ҳунармандчилиги, деҳқончилиги ҳамда “самовий тулпорлари” билан машҳур бўлган.
Андижон оламшумул шуҳрат эгаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур, шоираи даврон Нодирабегим, 20- аср ўзбек адабиётининг улкан намояндаси Абдулҳамид Чўлпон, мумтоз адабиёт билимдони Ҳабибий, халқ артистлари Аббос Бакиров, Шерали Жўраев сингари юзлаб машҳур инсонлар юрти эканлигини кўпчилик яхши билади. Ана шу шахслар нафақат юртимиз, балки жаҳон, Марказий Осиё тамаддуни, туркий халқлар маданияти, адабиёт ва санъати ривожига муносиб ҳисса қўшган улуғ инсонлардир.
Бобур ва бобурийлар сулоласининг жаҳон тамаддунидаги ўрни ва роли беқиёс. Улар қолдирган “Бобурнома”, “Хатти Бобурий”, “Тарихи Рашидий” сингари ўнлаб бадиий ва илмий асарлар, улар барпо этган маҳобатли қасрлар ҳали ҳануз жаҳон аҳлини лол этиб келмоқда.

Тарихда 1898 йилда “Андижон қўзғолони” номини олган миллий озодлик ҳаракати бутун туркий дунёнинг мустамлакачиликка қарши курашининг намунаси бўлган эди. Қўзғолон ташкилотчиси ва раҳнамоси Муҳаммадали Эшон Собир халфа ўғли – Дукчи эшон эса туркий халқларнинг озодлиги, уларнинг бирлигини, муқаддас динимиз поклигини сақлаш, юртда ҳуррият тантана қилиши йўлида курашган улуғ зотлардан эди.
ХХ аср ўзбек адабиётини улуғ маърифатпарвар шоир, жадидчилик ҳаракатининг етакчиларидан бири Абдулҳамид Чўлпон ижодисиз тасаввур қилиш қийин. Чўлпоннинг янгиликка интилиш, ҳурлик, туркий халқларни бирлаштириш, она юрт, табиат гўзалликлари ҳақидаги ижод намуналари миллий адабиётимизнинг бетакрор саҳифаси сифатида тарихга муҳрланган.
Андижонда ҳунармандчиликнинг пичоқчилик, темирчилик, дўппидўзлик, каштачилик, миллий тўн тикиш каби қатор йўналишлари асрлар давомида ривожланиб, юксалиб келди, ана шу йўналишлар бўйича ўзига хос тажриба мактаблари шаклланди. Айниқса, Шаҳрихон ҳунармандчилигини алоҳида эътироф этиш ўринли.


Ўтган йили Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши (AISBL) президенти, жаноб Саад ал Қаддумий раҳбарлигидаги бир гуруҳ кенгаш эксперт ва мутахассислари Андижонда бўлиб, ўзбек ҳунармандчилигининг “Устоз-шогирд мактаби” дунё ҳунармандчилигидаги ноёб, ўзига хос анъана эканлигини, ушбу анъана ҳунармандчиликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, бу борада Шаҳрихонда олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берган, Шаҳрихонга “Жаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақомини бериш хусусида фикрлар билдирган эди. Насиб этса, яқин йиллар ичида Шаҳрихон ҳам ана шу мақомга сазовор бўлади, деб умид қиламиз.


Биламизки, юз йиллик тарихга эга “Андижон полкаси” 2/4 (ёки 4/4) мусиқа ўлчови, соф мажор тоналлиги, шўх сийрати билан ажралиб туради. Рақс бир томондан ўзбек мумтоз куйлари, иккинчи томондан бошқа халқлар фольклор куйлари намуналарига оҳангдош. “Андижон полкаси”, унинг мусиқаси сурнай, қўшнай, шунингдек, одатий шўх куй йўналишларини ўзида уйғунлаштирган, ҳудуднинг миллий қадриятига айланган гўзал ва жозибадор рақсдир.
Шу йил май ойида Андижон давлат педагогика институтида бўлиб ўтган “Маданий мерос: педагогик-фалсафий, миллий ва умумбашарий қадриятлар уйғунлиги” мавзусидаги халқаро илмий анжуманда “Андижон полкаси” рақсини тарғиб этиш, халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш, илмий жиҳатдан ўрганиш, шунингдек, унинг тарихий, маданий ва эстетик аҳамияти масалалари муҳокама қилинганлиги, номоддий маданий мерос сифатида халқаро миқёсда эътироф этилганлига ҳам Андижон санъатининг ўзига хослигини кўрсатади.


Андижоннинг туркий дунё маданият пойтахти мақомини олишида кейинги йилларда вилоятда жуда кўп халқаро маданий, спорт тадбирлари, илмий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинаётганлиги ҳам муҳим роль ўйнади. Бу тадбирлар, шубҳасиз, Андижоннинг халқаро нуфузини оширди. Жумладан, Андижон 2024 йилда футзал бўйича жаҳон чемпионатининг қатор ўйинларига, 2025 йилда эса "ETNO STRONGMAN GAMES" – Баҳодирлар ўйини бўйича жаҳон кубоги мусобақасига мезбонлик қилди. Бундан ташқари, бир неча йилдан буён Хонобод шаҳрида “Дунё садолари” халқаро миллий эстрада санъати фестивали ўтказиб келинаётганлигини ҳам алоҳида эътироф этиш ўринли.
Бир сўз билан айтганда, бугун Андижонда олиб борилаётган ишлар, ўтказилаётган тадбирлар, қолаверса, 24-26 июнь кунлари “Андижон – 2026 йилда туркий дунёнинг маданият пойтахти” мақоми доирасида бўлиб ўтадиган халқаро тадбирлар Андижоннинг ана шу номга муносиб эканлигини яна бир бор кўрсатади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари