«Андижон» клуби 17 йиллик тарихни янгилади
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 5-турининг марказий учрашувида кутилмаган натижа қайд этилди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, «Локомотив» ўз майдонида «Андижон»ни қабул қилди ва кутилмаганда 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Александр Хомяковнинг шогирдлари гарчи сафарда ўйин ўтказишига қарамасдан ҳужумкор ўйин ўтказди. Биринчи бўлимда ҳар икки жамоа бир неча имкониятдан унумли фойдалана олмади. Ўйиннинг шиддатли тус олиши иккинчи бўлимдан бошланди.

Иккинчи бўлимнинг 55-дақиқасида Ислом Маматказин рақиб дарвозасини боши билан аниқ нишонга олди. Бу ҳолат эса «Андижон» футболчиларини янада ҳужумга зўр беришга ундади. Бунинг натижасида 70-дақиқада «Локомотивнинг ҳужумини қайтарган меҳмонлар дарвозабони Игор Литовка тўпни аниқ тарзда ҳужумчи Шаҳром Самиевга ташлаб берди. Мазкур вазиятдан унумли фойдаланган Шаҳром гол уриб, ҳисобни 0:2 кўринишига олиб келди. 85-дақиқада «Локомотив» клуби аъзоси Сардор Абдунабиев гол уриб ҳисобни қисқартирди. Ўйин сўнггига қадар ҳар икки жамоа ҳужумга зўр берган бўлсада, ҳисоб ўзгармади.

Шу тариқа, «Андижон» очколарини 11 тага етказиб олди ва ҳозирча турнир жадвалида пешқадамга айланиб олди. Маълумот учун, «Локомотив» майдонида «Андижон» 2007 йилдан бери ғалаба қозона олмаётган эди.
Бугун, 5 апрель куни, Жиззахда «Сўғдиёна» – «Қизилқум», Тошкентда «Бунёдкор» – «Динамо» учрашувлари ўтказилади. Ҳар икки учрашув соат 19:15 да бошланади. Умид қиламизки, мазкур баҳслар ҳам шиддатли ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА