Андижон давлат униврситети 90 ёшда
Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон давлат университети ташкил этилганлигининг 90 йиллиги муносабати билан “Илм-фан ва таълим - мамлакат тараққиётининг муҳим омили” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Мамлакатимиздаги қатор олий ўқув юртларидан келган профессор-ўқитувчилар, университет билан ҳамкорлик олиб болраётган хорижий олий таълим муассасалари вакиллари, университет фахрийлари, талаба ёшлар иштирок этган анжуман очилишида сўз олган университет ректори, профессор Акрамжон Юлдашев Андижон давлат университетининг 90 йиллик шонли тарихи, бугунги кундаги фаолияти ва истиқболдаги режалари ҳақида гапирди.

Шундан сўнг университетда самарали фаолият олиб бориб, ўзларининг илмий мактабларини яратган устоз-олимлар - физика фанлари доктори, академик С.Зайнобиддинов, биология фанлари доктори, профессор А. Асқаров, тарих фанлари доктори, профессор, Р.Шамсутдинов, филология фанлари доктори, профессор М.Умархўжаевнинг маърузалари тингланди.

Маърузаларда бугунги кунда мамлакатимизда олий таълимга берилаётган эътибор, ёшларнинг ўқиб, пухта билим олиши, малакали мутахассис бўлиб етишиши учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани таъкидланиб, ўз йўналишларида олиб борилаётган ишлар, университетнинг илмий салоҳияти ҳақида кенг маълумотлар берилди.
Куннинг иккинчи ярмида анжуман иши шўъбалар доирасида давом этди.
Аниқ ва табиий фанлар йўналиши шўъбасида мазкур йўналишда университетда олиб борилган илмий ишлар, илмий-амалий тадқиқотлар, ютуқ, муаммо ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.

"Кеча, бугун ва эртага" шиори остида ўтган Ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишидаги шўъба машғулотларида университетнинг Ўзбекистон тарихи кафедраси ўқитувчиларининг маърузалари тингланди. Иштирокчилар томонидан маърузалар муҳокама қилиниб, таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Анжуман доирасида университет тарихи, эришилган ютуқлар, университетнинг бугунги илмий салоҳияти акс этган кўргазма барчада катта таассурот қолдирди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З.УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА