Андижон давлат техника институти битирувчиларига дипломлар топширилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бобур шаҳрида Андижон давлат техника институтининг 2026 йилги битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, таълим фахрийлари, йирик иш берувчи ташкилотлар вакиллари, бакалавриат ва магистратура босқичини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.
[gallery-30359]
Тадбирни институт ректори, техника фанлари доктори, профессор Умид Турдиалиев очиб, мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли таълим олиши ва замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, битирувчиларни ҳаётларининг янги босқичи билан табриклаб, уларнинг мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
Маросимда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган “Almaty TechCup XII: Age of AI – Future Race” халқаро чемпионати ғолиблари бўлган институт талабалари тақдирланди. Шунингдек, таълим, илмий-тадқиқот, инновацион лойиҳалар ҳамда халқаро танлов ва мусобақаларда юқори натижаларга эришган бир гуруҳ талабага Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ташаккурномалари топширилди.
Шундан сўнг бакалавриат ва магистратура босқичларини муваффақиятли якунлаган ёшларга дипломлар тантанали равишда топширилди.
Маълумот ўрнида: жорий йилда Андижон давлат техника институтини транспорт, энергетика, қурилиш, иқтисодиёт ва бошқа 30 дан ортиқ таълим йўналишлари бўйича жами 1864 нафар битирувчи муваффақиятли тамомлади.
Тадбир концерт дастури билан давом этди.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ(сурат),ЎзА