Ананд: Ўзбекистон шахматда етакчи ва кучли тизим намунаси(+видео)
FIDE президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Вишванатан Ананд Ўзбекистонни жаҳон шахматининг муҳим ўйинчиси деб ҳисоблайди. Мамлакатнинг ёш иқтидорлари ва йирик тадбирларни қабул қилиш салоҳиятига нелар сабаб бўлмоқда?
FIDE президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Вишванатан Ананд билан интервью
Жавоб - Биз Ўзбекистон йирик тадбирларни юқори савияда ташкил этишга қодир эканини биламиз. Ченнайда 2026 йилги Олимпиадага мезбонлик ҳуқуқини қўлга киритганидан кейин ҳам Ўзбекистон бир нечта йирик тадбирларни ўтказиб, бу салоҳиятини яна бир бор тасдиқлади.
Яна бир муҳим жиҳат — Ўзбекистон шахмат бўйича жуда кучли мамлакат. Буни тўрт йил аввал Олимпиадада ғолиб чиққан пайтидаёқ кўрсатган эди. Бугунги кунда дунё шахматидаги энг иқтидорли ва истиқболли ёш шахматчиларнинг айримлари ҳам Ўзбекистондан.
Шунинг учун бу ерда бир қанча муҳим омиллар бор. Жамоатчилик ва ҳукумат шахматни қадрлайди, унга катта эътибор қаратади. Буларнинг барчаси қарор қабул қилишимизни анча осонлаштирди.
Менимча, ҳеч бўлмаганда қоғозда бошқалардан анча кучли кўринаётган тўртта жамоа бор. Булар — Ўзбекистон, Ҳиндистон, АҚШ ва Хитой.
Шу билан бирга, рейтинглар буни кўрсатмаса ҳам, улар билан бемалол рақобатлаша оладиган яна ўнга яқин жамоа бор, деб ўйлайман.
Шунинг учун, ҳар доимгидек, бу Олимпиадада ҳам рақобат жуда кучли бўлади. Аммо етакчи уч-тўрт жамоанинг имкониятини бироз юқорироқ баҳолаш мумкин.
Савол - Биз нима қила оламиз? Кўпроқ одамларни жалб қила оламизми?
Жавоб - Ҳа. Менимча, Олимпиада каби ҳар қандай йирик мусобақа мамлакатда шахматга бўлган эътиборни кучайтиради.
Тўрт йил аввал Ҳиндистонда ҳам шундай бўлганини эслайман. Умид қиламанки, бу ерда ҳам худди шундай бўлади. Ўзбекистонда шахмат аллақачон юксалиш босқичида, аммо бу қизиқиш янада ортишига умид қиламан.
Кўплаб одамлар Самарқандга келиб, мусобақани бевосита томоша қилишларини ҳам истардим. Чунки Шахмат олимпиадаси томошабинлар учун ҳам жуда қизиқарли мусобақа.
Савол - Ëш гросместрларнинг етишиб чиқиши жаҳон шахматида кучлар нисбатини қанчалик ўзгартирди?
Жавоб - Ҳозир жаҳон шахматида кучлар мувозанати деган тушунчанинг ўзи деярли қолмади. Чунки етакчиларнинг деярли барчаси ёш шахматчилар. Энг катта ёшдаги топ шахматчилар 30 ёшларда бўлса, янги авлод вакиллари улардан яна ўн йилча ёш.
Бу умуман жаҳон шахматида кузатилаётган кенг тенденция. Айни пайтда эса бу жараён айниқса яққол кўзга ташланмоқда.
Савол - Шахмат ҳамжамияти ва FIDE Шахмат олимпиадаси машъаласидан фойдаланиб, яна қандайдир тарғибот тадбирларини ўтказишни режалаштиряптими?
Жавоб - Балки бу борада яна қандайдир тадбирлар ўтказилар. Аммо биз Ҳиндистонда кузатиш маросимини ўтказдик ва у жуда яхши ўтди.
Савол - Ўзбекистонда шахмат ривожини қайси жиҳатларда кўриш мумкин?
Жавоб - Албатта, Рустам Қосимжонов 2004 йилда жаҳон чемпиони бўлганида, таъбир жоиз бўлса, у асосан ўз кучи билан шу даражага етиб келган шахматчи эди.
Аммо кейинчалик, менимча, Ўзбекистонда ёш шахматчиларни тайёрлаш бўйича жуда кучли тизим шаклланди.
Бу ерда янги турнирлар ташкил этила бошлаган пайтларни эслайман. Ўша вақтда баъзиларимиз бу мусобақаларни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистонга таклиф қилинган эдик.
Мен ҳам бир неча йил аввал шу ердаги турнирлардан бирига келганман. Ўша мусобақада ҳозирги Олимпиада терма жамоасининг кўплаб аъзолари ҳали ёш шахматчилар сифатида иштирок этаётган эди. Юдит Полгар, мен ва бошқалар — барчамиз шу ерда эдик.
Менимча, бугун биз ўша ишларнинг натижасини кўряпмиз. Бу — аниқ мақсадга йўналтирилган спорт дастури қандай самара беришининг жуда яхши намунаси.
ЎзА