Амир Темур – фахримиз, ғуруримиз
-
Биз биринчи навбатда ўзимизнинг боболаримиз тарихини ўрганишимиз керак. Афсуски биз кўп йиллар бошқалар тарихини, бизга алоқаси бўлмаган жангларни ўргандик.
Шавкат Мирзиёев

Республикамизнинг барча гўшаларида Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг 687 йиллик таваллуд айёмлари кенг нишонланмоқда. Бугунги учинчи ренесанс бунёдкорлари бўлмиш ёшларимизнинг улуғ бобокалонимиз шахсияти ва ибратли ҳаёт йўлига бўлган қизиқиши ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда.
XIV асрнинг иккинчи ярми XV аср бошларида Соҳибқирон Амир Темур тузган марказлашган давлатнинг шуҳрати бутун жаҳонга машҳур бўлди. Айниқса, унинг бошқарув тизими ўз замонасининг энг илғор ғоялари, сиёсий ва ҳуқуқий қарашларини ўзида акс эттирганлиги ва қатъий қонун-қоидалар асосига қурилганлиги билан ўзбек давлатчилиги тарихида алоҳида ўрин тутади. Бу қонун-қоидалар Амир Темурнинг “Темур тузуклари” асарида ўзининг тўлиқ аксини топган.
Дунёнинг турли тилларига таржима қилинган ушбу асар давлатни идора қилиш усуллари, иқтисодни, савдо-сотиқни ривожлантириш йўллари, халқаро муносабатларни йўлга қўйиш меъёрлари, қўшинни ташкил этиш қоидалари ва урушларда амалга оширилиши зарур бўлган турли ҳарбий тактикалар сингари қатор сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ҳарбий назария ва меъёрлар – тузукларни ўз ичига олган. “... Давлат агар дину ойин асосида қурилмас экан, тўра тузукка боғланмас экан, - деб ёзган эди Амир Темур, -ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва тартиби йўқолади. Бундай салтанат яланғоч одамга ўхшарким, уни кўрган ҳар кимса, назарини олиб қочади. Ёхуд кас-нокас тап тортмай кириб чиқадиган томсиз, эшиги-тўсиғи йўқ уйга ўхшайди. Шунинг учун ҳам мен ўз салтанатим биносини дину ислом, тўра ва тузук асосида мустаҳкамладим. Салтанатни бошқаришда учраган ҳар қандай воқеа ва ишни тўра-тузук асосида бажардим”.
Амир Темур маҳаллий ҳокимиятга ҳам адолатли, ишбилармон кишиларни тайинлаган ва улардан эл – юртни муҳофаза қилиш, раиятни солиқ ундирувчиларнинг зулмидан ҳимоялаш, юртни обод этиш, мазлумлар муҳофазасини ташкил этишни талаб қилган.
Амир Темур давлатида суд ишларига мамлакат миқёсида бош қози етакчилик қилган. Шариатга оид ишлар билан ислом қозиси, урф-одат, кундалик ишлар билан аҳдос қозиси, ҳарбий ҳаётда юз берадиган ҳуқуқий масалалар билан аскар қозиси шуғулланган ва улар бош қозига бўйсунганлар.
Амир Темур давлати ҳарбий кучлари, унинг тузилиши, ҳарбий санъат ва маҳоратининг ўз даврида тараққий этиши, қўшиннинг салтанатда тутган мавқеи хусусида “Тузуклар”да, қатор тарихий манбаларда, хусусан Ғиёсиддин Алининг ”Ҳиндистон кундалиги”, Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”, Захириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” каби асарларида, испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ва европалик рицар Шильтбергернинг “Кундалик”ларида учрайди. Шунингдек, муаррихлардан Ҳофизи Абрў, Шарофиддин Али Яздий, Абдураззоқ Самарқандий асарларида ҳам юқоридаги мавзу бўйича кўплаб қизиқарли маълумотлар берилган.
“Темур тузуклари”да давлатнинг асосий таянчларидан бири бўлган қўшинни тузиш, қўшин бошлиқларини танлаш, тарбиялаш, жойлаштириш, ҳарбий мартабаларга кўтариш, навкар ва сарбозларни қуроллантириш, қўшинда интизомни сақлаш, унинг жанговорлигини ошириш, маҳоратига кўра жангчиларни тақдирлаш, маош ҳамда нафақа белгилаш масалаларига ҳам катта аҳамият берилган. Амир Темур қўшинни бошқаришда амирлик мансабини жорий этган бўлиб, у ўзига энг яқин маҳоратли баҳодирлардан 313 кишига амирлик мансабини берган. Улардан бир кишини амир ул-умаро (амирлар амири), 12 кишини ўн икки даражадаги амир, 100 нафарини мингбоши, яна шунчасини юзбоши, ўнбоши этиб тайинлаган. Амирлар мингбошиларга, мингбошилар юзбошиларга, юзбошилар ўнбошиларга бошлиқ этиб тайинланган.
Амир ул-умаронинг ҳукми юришларда, урушларда амирлар ва бутун сипоҳ томонидан сўзсиз бажарилиши лозим бўлиб, соҳибқирон йўқ вақтида у ўринбосар вазифасини бажарган. 12 даражадаги амирлардан биринчиси даражалиси 1000 кишига, иккинчи даражалиси 2000, учинчиси 3000 ва шунга мос равишда ўн биринчиси 11000, ўн иккинчи даражалиси 12000 кишига буйруқ бериш ҳуқуқига эга бўлган. Амирлик тартибига кўра биринчи даражадаги амир иккинчи даражадаги амирнинг, иккинчи даражадаги амир учинчи даражадаги амирнинг ва шу тартибда ўн биринчи амир ўн иккинчи амирнинг, ўн иккинчи амир амир ул-умаронинг ўринбосари қилиб белгиланган, қайси бир амирга бирор кор-ҳол бўлса, унинг ўрнини ўринбосари эгаллаган.
XIX аср рус ҳарбий тарихчиси М.И.Иванин Амир Темурнинг ҳарбий санъати хусусида “Ҳали биронта ҳам халқ қўшинини тўғри сафлашни билмай, тартибсиз ва тактик ҳаракатларсиз, фақат ўзидаги жасорат даражаси билан узуқ-юлуқ жанг қилаётган бир пайтда Темурнинг тўғри сафланган, бир неча йўналишдан иборат мунтазам тартиб билан жангга кирувчи, кучли захирага эга бўлган, қудратли армияси бор эди” дея ўзининг юқори ва холис баҳосини берган эди. Ўрта аср тарихчиларидан Шарофуддин Али Яздий ҳам “Зафарнома “асарида “ҳали ҳеч ким ўйлаб топмаган услубни Соҳибқирон ўйлаб топиб, қўллаганлигини” алоҳида қайд этган эди. Амир Темур қўшинида ўша давр учун хос бўлмаган яна бир ҳолатни кўриш мумкин. Унинг қўшинида аёллардан тузилган бўлинмалар ҳам бўлиб, улар эркаклар билан бир қаторда жангга кирган. Мазкур ҳол ҳам ўрта аср мусулмон шарқи учун мутлақо янгилик эди.
Амир Темур ҳарбий қўшин таркибини доим бойитиб ва кенгайтириб, ҳар қандай шароитда ҳам жанг олиб боришлари учун мослаштириб турган. Ҳарбий юришдан аввал чиқарилган машваратлардан сўнг, ҳукмдорнинг махсус буйруғи-тункал эълон қилинган. Тункал-қўшин тўплашга қаратилган махсус буйруқ ҳисобланган. Фармон (тункал) тегишли жойларга бош қўмондоннинг адъютанти-тавочи томонидан тезлик билан етказилган. Тавочининг зиммасига аскар жам этишдан ташқари қўшин қисмларининг қароргоҳ ёки сафардаги ўрни, жанговар тартибни ҳамда бир жойдан иккинчи жойга кўчишнинг назорат қилиш ҳам юклатилган эди. Тункалга кўра, вилоят ҳокимлари, тегишли ҳудудлар беклари, қалъа, қўрғон доруғаларининг Амир Темур томонидан тузилган рўйхатга кўра, ўз жангчилари, зарур от-улови, қурол-яроғи, озиқ-овқати, ем-хашаги билан белгилаб қўйилган жойга ўз вақтида етиб келиши шарт бўлган. Аввалдан махсус танлаб, белгилаб қўйилган жойда олий бош қўмондоннинг қароргоҳи тикилган ва турли рангдаги туғ ҳамда байроқлар билан безатилган. Белгиланган вақтда лашкаргоҳга етиб келган аскарлар қатъий тартиб ва интизом билан ўз марраларини эгаллаган ҳамда юриш олдидан ўтказилажак анъанавий ҳарбий кўрикка пухта тайёргарлик кўра бошлаган. Амир Темур ҳарбий юриш вақтида тажрибали сипоҳийларга катта ишонч билдирганки, бу "Темур тузуклари"да ҳам ўз ифодасини топган.
Амир Темурнинг жанговар тактикасига мувофиқ, агар душман 12 000 дан ортиқ, лекин 40 000 дан кам жангчига эга бўлса, Соҳибқирон уларга қарши 40 000 минг кишидан кам бўлмаган қўшин жўнатган. Лашкарбоши сифатида ўз ўғилларидан бирини тайин этиб, унинг олдига 2 нафар тажрибали амир ва бошқа ҳарбийларни қўйган. Бу борада жанговар тартиб қуйидагича бўлган. Қўшин 14 қисмга бўлиниб, бу қисмлардан бири умумий корпус сонининг 1/3 қисмидан кам бўлмаган миқдорида саркарда бошчилигида захирада турган, ўнг ва сўл ёнини ташкил этган, ўнг ва чап қанотлар аванғорлари олдида яна биринчи чиқиш ташкил этган, булардан ҳам биттадан қисм аванғор сифатида ажратиб олинган, бу қисмларга яхши қуролланган, тажрибали жангчилар тайин этилган, улар жанг вақтида сурон кўтаришлари ва душман аванғорини саросимада қолдиришлари керак эди.
Душман қўшини сони 40 мингдан кўпроқ бўлганда, унга қарши Амир Темурнинг ўзи борган. Бундай пайтда қўшин жангга қуйидагича тайёрланган: 40 та бўлинма бевосита Амир Темур ихтиёрида бўлган. Энг сараланган 12 та бўлинма биринчи-қаторни, қолган 28 таси иккинчи ва учинчи қаторларни эгаллаган. Ўғли ва набиралари бошчилик қиладиган қўшинлар кўрсатилган 40 та бўлинма ўнг томонининг олд қисмида, қариндошлари ва иттифоқчилари бошчилик қилаётган қўшинлар эса унинг чап томони олд қисмида жойлашган. Кейин қанот, қатор ва бошқа бўлинмалар бўлган.
Амир Темур жанг вақтида тезлик билан бошқаришга катта эътибор қаратган. У ўнлик, юзлик, минглик, ўн минглик қўмондонларни танлаш ишига шахсан раҳбарлик қилган. Лашкарбошилик салоҳиятига эга бўлган қўмондонларнинг тўғри танланганлиги ва ўз жойига қўйилганлиги аксарият ҳолатларда жанг натижасининг муваффақиятли якунланишига сезиларли таъсир кўрсатган. Амир Темурнинг ҳарбий санъат тараққиётига қўшган катта хизматларидан яна бири – қўшин қанотларини жанг вақтида душман ҳужумидан муҳофаза қилиш ва аксинча, душман кучларини ён томонидан айланиб ўтиб, унга орқа томонидан зарба бериш ҳисобланади. Бундай мутлақо янги ҳарбий қисм илгари ўтган ҳеч бир машҳур саркардалар (Александр Македонский, Буюк Фридрих, Чингизхон ва бошқалар) қўшинида бўлмаган, таъкидлаш жоизки, Напалеон армиясининг жанговор тартибида қўшин қанотларини ҳимояловчи қисм бўлган. Ҳарбий мутахассисларнинг тадқиқотига кўра, Напалеон ўз вақтида Амир Темур қўшинининг тузилиши, жанг олиб бориш йўл-йўриқларини синчиклаб ўрганган. Соҳибқирон тактик усулларини лозим бўлиб қолган вақтида ўзлаштирган ҳам.
Амир Темур ўз давридаги давлатнинг ҳарбий тизимини санъат даражасига олиб чиқиб, катта обрў эътиборга сазовор бўлди. Соҳибқирон бошқа саркардалардан фарқли равишда қўшинига ўзи намуна кўрсатган. У энг оғир вазиятларда дастлаб ўзи жангга кирган ва бу билан қўшинни руҳлантирган. Унинг саъй-ҳаракатларида тезлик, машварат, махфийлик, вазиятни тўғри баҳолаш ҳамда уни ўз назоратида ушлаб туриш, тўғри қарорга кела билиш сифатлари устун бўлган. Амир Темур ҳарбий санъатининг яна бир кўриниши шунда бўлдики, у ҳар вақтда бир неча ерга уруш бошлар, юришлари ҳақида овозалар тарқатар, аслида эса унинг қўшини бошқа жойда пайдо бўлар эди. Бу хусусда ҳамма вақт ҳам Амир Темурга нисбатан холис бўлмаган ибн Арабшоҳ ҳам унинг бу ҳарбий санъатига тан бериб, ўз мулоҳазаларини баён этган эди.
Амир Темур ўз “Тузуклари”да шундай дея ёзган эди: ”Тажрибамдан синаб билдимки, жангнинг сир-асрорини, ғаним аскарларини синдириш йўлини билган, уруш қизиганда ўзини йўқотмасдан, қўл-оёғи бўшашмасдан лашкар фавжларини жангга бошлай оладиган, агар қўшини сафига рахна тушса, уни тезда тузата оладиган кишигина амирлик ва ҳукмронликка лойиқдир”. ”Темур тузуклари”да айнан жасорат намуналарини кўрсатган амирлар ҳақида ҳам маълумотлар учрайди.
“Адолат кучда эмас, куч адолатдадир” қоидасини кашф этган Амир Темур уч минг йиллик ўзбек давлатчилиги тараққиётини юқори босқичга кўтариш билан бир қаторда бизга мустақил давлат бошқаруви учун “Темур тузуклари”дек қимматли сиёсатнома ва қонуннома асарини қолдирди. Давлатни бошқаришга оид қонун-қоидаларни ўз ичига олган “Темур тузуклари” олти асрдан бери ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Соҳибқироннинг тенгсиз ақл-заковати, истеъдоди ва ҳаётий тажрибаси билан йўғрилган бу асар ўз даврида ҳозирги Конституция ва қонунлар мажмуига хос вазифани ўтади. ”Темур тузуклари” Амир Темур давлатининг ҳуқуқий асосини ташкил этди. Бу асар нафақат ўз даври, балки бугунги кун ва келажак учун ҳам катта аҳамият касб этувчи қомус бўлиб қолади.
Херман Вамберининг ”Бухоро ёхуд Моварауннаҳр тарихи” номли асари Амир Темур яшаган давр ҳақида қимматли маълумотлар беради. Амир Темур ҳақида ўз асарида: ”Ҳақиқий ҳукмдор ҳар бир қавм ва қабилани уларга зулм қилувчилардан озод этишга ҳуқуқлидир. Ушбу нуқтаи-назардан қараб, мен Хуросонни фатҳ этдим. Форс, Ироқ, Шом мамлакатларини бўйсундирдим” деб ёзади. Унинг таржимаи ҳолини ёзганнинг ривоятича, Темур шоирнинг ушбу сўзини қайта-қайта такрорлар экан: ”Оллоҳ ёлғиз, битта бўлгани каби подшоҳ ҳам битта бўлиши лозим. Бутун дунё улуғ хоннинг якка ҳокимлигига нисбатан ҳечдир”...
Амир Темур юришлари, ундаги жанг тафсилотлари ва соҳибқироннинг адолатли қарорлари Шарофиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида батафсил келтирилган. ”Зафарнома”да шундай келтирилади: “Кўп жанг-жадалдан сўнг, зафар (тасвирини) чизувчи қиличнинг дами билан душманлар тутқинлигининг жабр-зулмини йўқ қилиб (асирдаги ) аскарларни қутқариб олди. Ул ҳазратнинг давлат илҳомининг таржимони бўлмиш муборак тилидан: ”Мен қилган ҳамма жангларда ва юз берган барча қийинчиликларда ушбу жангдагидай қаттиқ бўлганини кўрмаганман” деб айтганини қайд этмишлар. Ул томонидан элликта пиёда қалқонларни бошларига кўтариб яна бир марта ул ҳазратга юзландилар ва (аслида) душманлар жони узра ёғиши керак бўлган ўқ ёмғирини Соҳибқирон томон йўлладилар.”
Ушбу жангда қатнашаётган Элчи-Буғо жанг майдонига кириб келиб Соҳибқиронга қарши курашаётган жангчиларга “Сизлар кўриб турган шахс, бу ўша киши, яъни ҳазрат Соҳибқирон (Амир Темур) эрур, у сизларнинг асирга олинган одамларингизни бўшатиб қайтариб беради. Бас шундай экан, нега беҳудага урушасизлар, билиб қўйинг, агар ҳалок бўлсангиз ёки асир олинсангиз гуноҳ сизнинг бўйнингизда бўлади” деди. Пиёдалар ул ҳумоюн Ҳазратнинг номини эшитгач, жасорат қўлини урушмоқдан тортдилар ва фақирлик бошини эгиб, адаб тилини ер ўпмоқлик расми билан ҳозирладилар; улардан икки киши бечоралик оёғи ила олдинга юриб ҳазрат Соҳибқирондан ялиниб-ёлвориб омонлик тилади. (Ул ҳазратдан): ”Аскарлардан олган от ва жибо барчасини тўплаб эртага эрталаб олиб келиб топширинг, шунда сизлардан асир олинганларни ўзингизга қайтарурмиз” деган ишорат содир бўлди. Улар буйруққа бўйсуниб, розилик бармоғини таслим бўлмоқлик кўзига сурдилар”.
Амир Темур ўз фаолиятида адолатни ҳамиша биринчи ўринда қўйганини унинг давлатлар билан олиб борган ёзишмаларида ҳам кўришимиз мумкин. ”Амир Темур жанг содир бўлгунга қадар олиб борилган ёзишмаларининг аксариятида ғанимига сулҳ таклиф этган, дипломатиянинг огоҳлантириш усулига таянган, бу таклифлар рад этилганда ҳам зиддиятларни уруш билан якунламасликка интилган. Миср билан олиб борилган қарийб йигирма йиллик муносабатлар ҳам фикримиз далилидир.
У ўз душманини ҳурмат қилган, ҳар доим берган ваъдаларини устидан чиққан, ғанимининг йўқлиги ва бошқа вазиятдан фойдаланиб номардларча унинг ерларига дахл қилмаган”.
Амир Темурнинг давлатлар билан муносабатларда ажойиб дипломат эканлигини кўришимиз мумкин. ”Қиссаи Темур (“Малфузоти Темурий”) номли асарда “Ироқайн ҳокимларининг аризалари етиштиким: Илдирим ва Гуржистон ва Озарбайжон кофирлари исён йўлига қўйдилар.Ўзимга кенгаш қилдимким, агар аларнинг дафъида иҳмол этсам яна бир фасод ва туғёнға киргусидирлар. Бас алар дафъида шитоб этдим ва ул лашкарниким, Ҳинд ясоқидин янги келиб эрдилар, ўз ихтиёрларида қўйдимким, ҳар кимса ҳамроҳлик қилса қилсун, ўзлари билсун. Ва Хуросон ва Қандаҳор ва Сейистон ва Табаристон ва Гилон ва Мозандарон ва Форс лашкариға ёруғ ёздимким, тозадин ясоқ этиб, Исфаҳонда манга қўшулсунлар, Чун лашкар жам бўлди, сипоҳийлар маъқул этган кенгашға амал қилдим ва бошимға фулод дубулға ва эгнимга довудий совут кийиб муроссаъ қилич осдим ва Турон баҳодирлари ва Хуросон паланглари ва Журжон ва Гилон ва Мозандарон наҳанглариға коҳиш билан наъра урдимким, Сивос Қалъаси ва Гуржистон қалъаларин жабран ва қаҳран босиб олиб мусаххар қилдим. Ва ул қалъалар ғанойимин лашкарға улоштурдим. Андин сўнг Малата ва Зобулистон қалъалари тасхириға юз қўйдим. Ва чун алар сиёсатим хабарин эшиттилар хавфдин алар фикрида эрдиларким, Катур ва Ғур ва Ғаржистон куҳистонларининг паланглари ҳамла қилдилар. Аввалғи ҳамладаёқ ул қалъаларни мавтуҳ эттилар. Эрса Халаб ва Ҳумс тасҳириға бордим ва ани ҳам аввалғи ҳамлада фатҳ этдим.”
Амир Темур “Қиссаи Темур”да ўзининг тактикасини батафсил ёритган. Ундан Амир Темурни қанчалик зукко ва ҳақиқий стратег, тактик саркарда бўлганлигини бемалол кўриш мумкин.
Бутун умр эзгуликни ва адолатни шиор қилиб олган Амир Темур халқ меҳрини қозонди, қудратли давлат ташкил этди, давлат манфаатини ҳамиша ва ҳар қандай вазиятда устун қўйгани учун Туроннинг буюк қаҳрамонига айланди. Ўз саркардалик маҳорати билан халқ дилидан жой олган сўзида ҳам, ишида ҳам фақат адолатга суянган, ўз асрида инсонпарварлиги, бағрикенглиги, халққа хизмат қилгани учун ўз даврининг суюкли саркардасига айланган.
Буюк саркарданинг давлатчилик ва дипломатия, ҳарбий маҳорат, бунёдкорлоик, илм ва фан, санъат ва меъморчиликка оид қарашлари, ҳаёт ва эзгу амаллар ҳақидаги ўгитлари ҳамиша эл манфаатларини ўйлаб амалга оширган ислоҳотлари, бетакрор фазилатлари унинг “Темур тузуклари“ асарида ўз ифодасини топган. Шунинг учун ҳам ушбу асар асрлар оша ўлмас дурдона сифатида қадрланиб келади.
Раҳбар Ҳолиқова,
Тарих фанлари доктори, проффесор
ЎзА