Aмерикаликлар Харрисни афзал кўришмоқда
“Associated Press-NORC” жамоатчилик билан алоқаларни ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўров натижасига кўра, вице-президент Камала Харрис қатор етакчилик фазилатлари туфайли собиқ президент Дональд Трампдан устунликка эга.
Тадқиқотда қатнашганларнинг қарийб ярми “демократияга содиқ” ва “интизомли” Харрис яхши фазилатларга эгалигини таъкидлаган бўлса, тахминан 30 фоизи бундай хислатларни Трамп билан боғлайди.
Ҳар 10 америкаликдан 4 нафари собиқ етакчи кучли, деб ҳисоблайди ва тахминан шунча одам вице-президентни ёқлайди. Респондентларнинг 40 фоизга яқини Трамп инқирозга дош бера олади, деб ҳисоблайди ва яна шунча инсон Харрис яхшироқ тайёргарлик кўрган, дейди.
Америкаликлар, хусусан бетарафлар иқтисодиёт ёки иммиграция масаласида Трампга кўпроқ ишонади. Иммиграцияни бошқаришда ҳам шундай ҳолат.
Харрис ирқий тенгсизлик, аборт сиёсати ва соғлиқни сақлаш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда нисбатан афзалликка эга. Катта ёшли америкаликларнинг қарийб ярми номзод-хоним айни масала бўйича яхшироқ ишлайди, деб ўйлаяпти. Бу борада Трампни қўллаб-қувватлайдиганлар 30 фоиз.
Сўровда Харрис билан боғлиқ муаммолар ҳам бор: 10 демократдан фақат 6 нафари у Ғазо урушини яхшироқ бошқаришига ишонади, бу жуда паст рейтинг ҳисобланади. Демократларнинг тахминан 25 фоизи бу мавзуда ҳеч бир номзодга ишонмайди.
Мазкур сўровнома 2024 йил 8-12 август кунлари 1164 нафар америкалик иштирокида ўтказилди.