Америкадаги ватандошлардан Президентимизга мактуб: Янги Ўзбекистон тараққиётига ўз муносиб ҳиссамизни қўшамиз
Ватанимиз Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига АҚШ ва Канадада яшаётган ватандошларимиздан мактуб келди.
Давлатимиз раҳбарига йўлланган ушбу мурожаат “Vatan Global Alliance” жамияти раиси Озод Солиев, Ўзбекистон халқ артистлари Эзро Малаков ва Муҳаббат Шамаева, Филадельфиядаги “Ватан” жамияти раиси Садулло Аҳмедов, Нью-Йоркдаги “Ватан” жамияти раиси Бахтиёр Қодиров ҳамда Америкада яшаб турган 500 нафар ватандошимиз томонидан имзоланган.
Қуйида мурожаат матни тўлиқ ҳолда ҳавола этилади.
“Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Биз, Америка Қўшма Штатлари ва Канадада яшаётган ватандошларингиз, Сизга чуқур ҳурмат ва самимий миннатдорлигимизни изҳор этиб, ушбу Мурожаатни йўлламоқдамиз.
Яқинда Филадельфия ва Нью-Йорк шаҳарларида “Миллат шавкати” китобининг тақдимот маросимлари бўлиб ўтди. Ушбу тадбирлар биз учун океан ортида яшаб, қалбан Ватан билан ҳамнафас бўлган ватандошларни бир мақсад ва бир туйғу атрофида жамлаган муҳим маънавий воқеага айланди.
“Миллат шавкати” китобида тасвирланган Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар, халқ фаровонлиги ва мамлакат тараққиёти йўлидаги кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда тобора юксалиб бораётган нуфузи ҳақидаги фикрлар ватандошларимизда катта қизиқиш ва мамнуният уйғотди.
Тақдимотлар давомида билдирилган самимий фикрлар, Ватанимизда кечаётган ўзгаришларга бўлган юксак қизиқиш ва ватандошларимиз қалбидаги фахр туйғуси бизга яна бир ҳақиқатни кўрсатди: Океанлар ва минглаб чақирим масофалар бизни Ватандан ажрата олмайди. Қаерда яшамайлик, барчамизни бирлаштириб турадиган ягона ва азиз Ватан Ўзбекистондир!
Муҳтарам Президент!
Сизнинг раҳбарлигингизда бугун мамлакатимиз ўз сўзи, қатъий позицияси, очиқ сиёсати ва аниқ тараққиёт мақсадларига эга бўлган давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаб бормоқда. Биз, хорижда яшаётган ватандошлар, бу ўзгаришларни, айниқса, яққол ҳис қилмоқдамиз.
Бир вақтлар чет элларда, хусусан, Америка Қўшма Штатлари ва Канадада истиқомат қилаётган ватандошлар учун Ватанга бориш, ўз яқинлари билан дийдорлашиш, Ўзбекистон билан эркин ва яқин муносабат ўрнатиш турли қийинчиликлар билан боғлиқ эди.
Бугун эса вазият тубдан ўзгарди. Сиз бошлаб берган очиқлик ва халқпарварлик сиёсати туфайли хориждаги ватандошларга бўлган муносабат янги босқичга кўтарилди. Улар билан мулоқот қилиш, уларни эшитиш, Ватан билан алоқаларини мустаҳкамлаш ва уларнинг билим, тажриба ҳамда имкониятларини Ўзбекистон тараққиётига жалб этиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Айниқса, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичга кўтарилаётгани бизга алоҳида ғурур ва мамнуният бағишламоқда.
Сизнинг АҚШ Президенти Дональд Трамп билан олиб бораётган бевосита ва ишончли мулоқотингиз, олий даражадаги учрашув ва телефон суҳбатлари, шунингдек, АҚШ ҳукумати, Конгресси ва ишбилармон доиралари билан кенгайиб бораётган ҳамкорлик Ўзбекистонга нисбатан Америкадаги эътиборнинг тобора ошишига хизмат қилмокда.
Бугун икки давлат ўртасида сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда янги имкониятлар очилаётганини кўриб турибмиз.
Муҳтарам Президент!
Сиз олиб бораётган сиёсат бизга нафақат янги имкониятлар яратмокда, балки зиммамизга катта масъулият ҳам юкламокда.
Биз хорижда яшаб, Ўзбекистондаги жараёнларни фақат кузатиб турувчи инсонлар бўлиб қолмаслигимиз керак. Биз ҳозир яшаб турган мамлакатларда Ўзбекистоннинг муносиб вакиллари бўлишимиз, Ватанимизнинг ҳақиқий қиёфасини кенг жамоатчиликка етказишимиз, унинг манфаатларини қўллаб-қувватлашимиз ва Ўзбекистон билан дунё мамлакатлари ўртасида янги дўстлик ва ҳамкорлик кўприкларини қуришимиз зарур.
“Vatan Global Alliance” жамияти Америка Қўшма Штатлари ва Канадада яшаётган ватандошларимизни бирлаштириш, уларнинг интеллектуал, иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятини умумий эзгу мақсадлар атрофида жипслаштириш ҳамда Ўзбекистон билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш йўлида фаолият олиб бормокда.
Биз АҚШ Конгресси аъзолари, жумладан, конгрессменлар Брайан Фитцпатрик, Брэндон Бойл, шунингдек, штат ва шаҳарлар даражасидаги давлат ва жамоат арбоблари, губернаторлар ва мэрлар идоралари, ишбилармон доиралар ҳамда турли миллат ва жамоалар вакиллари билан алоқаларни кенгайтиришга ҳаракат қилмокдамиз.
Биз Америка, Канадада ва бошқа давлатларда Ўзбекистон ҳақида янада кўпроқ гапирилишини истаймиз.
Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятини, халқимизнинг қадриятларини, бугунги тараққиёти ва улкан иқтисодий имкониятларини дунё жамоатчилигига янада кенгроқ танитишни истаймиз.
Биз америкалик тадбиркор ва инвесторларни Ўзбекистонга жалб қилиш, янги технологиялар, билим ва тажрибаларни Ватанимизга олиб бориш, таълим ва маданий алоқаларни кучайтириш, айниқса, хорижда улғаяётган ёш авлодни она Ватан билан мустаҳкам боғлашни ўзимизнинг муҳим вазифаларимиздан деб биламиз.
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
“Миллат шавкати” китобининг Америкадаги тақдимотлари яна бир муҳим ҳақиқатни намоён қилди: бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар ва эришилаётган ютуқлар океан ортида яшаётган юз минглаб ватандошларимиз қалбида ҳам акс-садо бермокда.
Ватаннинг обрўси – бизнинг обрўйимиз.
Ўзбекистоннинг ютуғи – бизнинг ютуғимиз.
Ўзбекистон байроғининг дунё майдонида баланд кўтарилиши – ҳар бир ватандошимиз учун фахр ва ифтихордир.
Шу сабабли ушбу мурожаат орқали Сизга нафақат миннатдорлигимизни билдирмоқчимиз, балки бир муҳим фикрни ҳам етказмоқчимиз:
Биз Ватанимиз билан биргамиз.
Биз қўлимиздан келгунча Янги Ўзбекистон тараққиётига ўз муносиб ҳиссамизни қўшамиз.
Биз Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишга тайёрмиз.
Биз ўз билимимиз, тажрибамиз, имкониятларимиз, алоқаларимиз ва салоҳиятимизни Ўзбекистонимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сафарбар этамиз.
Сизнинг Янги Ўзбекистонни янада кучли, фаровон, очиқ ва дунёда муносиб ўрин эгаллаган давлатга айлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларингизни юксак қадрлаймиз ва қўллаб-қувватлаймиз.
Сизга мустаҳкам соғлиқ, куч-ғайрат, оилавий хотиржамлик ҳамда халқимиз ва Ватанимиз равнақи йўлидаги масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Шу фурсатдан фойдаланиб, Сизни ва Сиз орқали бутун Ўзбекистон халқини Ватанимиз Мустақиллигининг 35 йиллиги билан чин қалбимиздан муборакбод этамиз. Мустақиллик – халқимизнинг энг улуғ неъмати, миллий ғуруримиз ва келажагимиз пойдеворидир. Бугун Янги Ўзбекистоннинг жаҳон майдонида тобора юксалиб бораётган обрў-эътибори, халқимиз ҳаётидаги улкан ўзгаришлар ва эртанги кунга бўлган ишонч Мустақиллигимизнинг нақадар буюк қадрият эканини яна бир бор намоён этмоқда. 35 йиллик қутлуғ сана барча юртдошларимизга, шу жумладан, дунёнинг турли бурчакларида яшаётган ватандошларимизга муборак бўлсин!
Ватанимиз тинч, халқимиз фаровон, мустақиллигимиз абадий ва Ўзбекистонимизнинг дунёдаги мавқеи янада юксак бўлсин”.
ЎзА