Амарант ўсимлигининг фойдали эканлиги исботланди
Ўзбекистон Миллий уиверситетнинг Жиззах филиали олимлари томонидан тақдим этилган амарант ўсимлигини ўстириш лойиҳаси ҳам шўрланган тупроқларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилайди, ҳам чорва моллари учун тўйимли озуқа вазифасини бажаради.
Жиззах вилоят ҳокимлиги Ахборот хизматининг хабар беришича, Инновацион ривожланиш вазирлиги Ҳайъатининг навбатдаги йиғилишига Жиззах вилоятида амалга ошириладиган ушбу лойиҳа киритилганди. Ҳайъат Ўзбекистон Миллий уиверситети Жиззах филиали томонидан ишлаб чиқилган “Шўрланган тупроқларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашда амарант ўсимлигидан оптимал фойдаланиш технологияси ва чорвачилик учун зарур бўлган озуқа базасини яратиш” тижоратлаштиришга тайёрлаш лойиҳасини 100 миллион сўмга молиялаштиришга қарор қилди.
Ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида – шўрланган тупроқларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади, амарант ёрмаси озиқ-овқат саноатида буғдой унига қўшимча сифатида ишлатилади. Экспортбоб амарантдан мой олиниб, дони ва мойи фармацевтика учун хомашё сифатида фойдаланиланилиши ва экспорт қилиниши мумкин бўлади.
Булардан ташқари, чорвачилик учун тўйимли юқори калорияга эга омухта ем тайёрланиб, сут маҳсулдорлигини оширади.
А.Қаюмов, ЎзA