Алломаи замон спектакли янги мавсумни бошлаб берди
Маннон Уйғур номидаги Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри янги 84-ижодий мавсумини бошлади.
Маннон Уйғур номидаги Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри янги 84-ижодий мавсумини бошлади.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, ижодкорлар, театр мухлислари, талаба-ёшлар иштирок этди.
Театр директори М. Қорақулова, бош режиссёри, саньат арбоби М. Равшанов, ёзувчи Н.Пардаев ва бошқалар давлатимиз раҳбари томонидан соҳа ходимларига халқимиз, айниқса, ёшлар онгу-тафаккурини юксалтиришга хизмат қиладиган бадиий мукаммал, сара спектакллар яратиш борасида белгилаб берилган вазифалар театр санъаткорларининг ўз касбига масъуллик ҳиссини янада оширганини таъкидлади.
– Президентимиз 2018 йил 19-20 январь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида бир гуруҳ саньаткорлар билан учрашиб, буюк аллома Ҳаким ат-Термизий сиймоси акс этган бадиий мукаммал саҳна асари яратиш топшириғини берган эди, – дейди театр бош режиссёри, саньат арбоби М.Равшанов, – Шунга мувофиқ У.Увватов ва Ғ.Шермуҳаммад қаламига мансуб "ал-Ҳаким ат-Термизий" асари асосида "Алломаи замон" спектаклини саҳналаштирдик. Ушбу спектакль соҳа мутахассислари, ижодкорлар ва театр шинавандалари томонидан муносиб баҳоланганидан хурсандмиз.
Театр жамоасининг навбатдаги ижодий мавсуми бош режиссёр М. Равшанов саҳналаштирган мазкур спектакль намойиши билан очилди.
Ёш авлодни улуғ аждодимиз ҳаёти билан яқиндан таништиришда "Алломаи замон" спектакли муҳим ўрин тутади. Ундаги асосий ролларни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Х.Орипов, Ю.Мирқурбонов ва бошқа саньаткорлар ижро этган. Ҳаким Термизий сиймосини артист Ф.Болтаев, она ролини артист Д.Юнусалиева юксак маҳорат билан гавдалантирган.