Алла бола хотирасида умрбод муҳрланади
Гулистон шаҳрида “Алла – муқаддас қўшиқ” кўрик танлови бўлиб ўтди. Алла миллий қадриятларимизнинг бебаҳо намунаси ҳисобланиб, у гўдак хотирасида умрбод муҳрланиб қолади. Фарзанд учун ўз онасидан меҳрибонроқ зот йўқ. Онасининг алласидан, унинг оҳангидан ёқимлироқ куй ҳам йўқ.
Сирдарё вилояти ташкил этилганлигининг 60 йиллиги муносабати билан вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан ўтказилган танлов миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, халқимизнинг миллийлигимизга, муқаддас алламизга бўлган ҳурматини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, дунё бешигини тебратувчи оналарга бўлган меҳр-муҳаббат ва ҳурматни намоён этиш, ўсиб келаётган ёш авлодга ота-онага ҳурмат, фарзандлик бурчларини англатиб, эҳтиромини тўлиқ адо этишга йўналтириш мақсадида “Алла” кўрик танлови барча туман ва шаҳарларда ўтказилди.


– Алла айтиш санъатини ўрганиш, бу орқали фарзандга онаси маънавиятини етказиш, ўзлигини англатиш – ёш оналарнинг фарзанди олдидаги бурчларидан бири, – деди вилоят “Оқила аёллар” ҳаракати раҳбари,сенатор Ҳаётхон Ортиқбоева. – Зеро, фарзандлар қалбида ўзи туғилиб ўсган оиласига, маҳалласига, Она Ватанга муҳаббат туйғуларини шакллантиришда алланинг ўрни жуда муҳим.




Кўрик танлов ғолиблари “Ёш оналар алласи”, “Фарзандларга алла айтишни ўргатиш”, “Набираларга айтилган энг яхши алла” каби уч номинация бўйича тақдирланди. Ғолиб ва совриндорларга диплом ва қимматбаҳо совринлар топширилди. Таниқли санъат усталари ва ёш ижодкорлар иштирокидаги концерт дастури, гўзал рақслар тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.
Ш.Суяров, ЎзА