Алкоголь ва тамаки соҳасида тадбиркорларга ҳуқуқий кўмак ва тарғибот тадбирлари давом этмоқда
Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси бошлиғи Б.Шералиев томонидан тадбиркорларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш, соҳада яширин иқтисодиётни олдини олиш борасида тарғибот тадбирлари ҳамда сайёр учрашувлар ташкил этилмоқда.
Тошкент шаҳрида жойлашган алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Uzbekistan Premium” МЧЖ шаклидаги корхонада ўтказилган учрашувда ҳам асосий эътибор лицензия талаб ва шартларига кўра, ишлаб чиқариш қувватларини бажарилиши, соҳада замонавий технологиялардан унумли фойдаланишнинг самарадорлиги ҳамда экспорт ҳажмини оширишга қаратилди.

Маълумот ўрнида, 2025 йилда алкоголдан 2,5 трлн ва тамакидан 3,1 трлн жами 5,6 трлн сўм акциз солиғи тўланиб, аввалги йилга нисбатан бюджетга 6 фоизга ёки 305 млрд сўмга кўп акциз солиғи ундирилиши таъминланди.
Жорий йилнинг январь-май ойларида акциз солиғидан тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16 фоизга кўп ундирилди.
Тамаки маҳсулотларининг хуфёна айланмаси 2024 йилда 19,6 фоиздан 11,1 фоизга тушурилган бўлса, 2025 йил якунларига кўра 7 фоизга қадар қисқаришига эришилди.

Инспекция томонидан корхоналарда ўтказилаётган ўрганишлар жараёнида ишлаб чиқариш фаолияти, техник ва технологик талабларнинг ижроси, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиш ҳолатлари ҳамда ишчи-ходимларга яратилган шароитлар яқиндан ўрганилди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми тўғрисида ахборот берувчи электрон ҳисоблагичлар белгиланган тартибда муҳрланмоқда. Шунингдек, корхоналардаги видеокузатув камеларининг “ISAT" ахборот тизимига интеграция қилингани ноқонуний ҳаракатларни олдини олишда муҳим роль ўйнамоқда.
Бу эса, тадбиркорларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан бирга, яширин иқтисодий фаолиятни олдини олиш, бизнесда даромадларнинг ўсиши, жараёнларни оптималлаштириш ва ҳаражатларни камайтириш, таъминот занжири бўйлаб маҳсулотларнинг ҳаракатланиши тўғрисидаги маълумотларга киришга имкон яратади. Мазкур йўналишдаги тарғибот тадбирлари барча ҳудудларда давом эттирилмоқда.
ЎзА