Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солишнинг устувор йўналишлари
Алкоголь ва тамаки бозорини самарали тартибга солишда бир қатор муҳим йўналишлар устувор вазифа ҳисобланади.
Энг аввало, соҳадаги барча жараёнлар, яъни ишлаб чиқариш, импорт, экспорт, улгуржи ва чакана савдо амалдаги қонунчиликка қатъий риоя этилган ҳолда ташкил этилиши лозим. Бунда тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини йўлга қўйиш учун белгиланган тартибда лицензия олиши ёки ваколатли органни хабардор қилиши талаб этилади.
Шунингдек, бозорда соғлом муҳитни сақлаш учун контрабанда, қалбаки маҳсулотлар ва яширин савдо каби ноқонуний айланмага қарши изчил курашиш зарур. Маҳсулотларнинг қонуний келиб чиқишини таъминлашда акциз маркалари ва рақамли маркировка назорати алоҳида аҳамият касб этади. Бу эса истеъмолчиларга фақат давлат стандартларига жавоб берадиган, сифатли ва хавфсиз маҳсулотларни етказиб бериш имконини беради.
Бундан ташқари, қонунчиликда белгиланган ёшга тўлмаган шахсларга бундай маҳсулотларни сотмаслик бўйича чекловларга қатъий амал қилиниши шарт. Солиқ ва акциз тўловларининг ўз вақтида ҳамда тўлиқ ундирилиши эса давлат бюджети тушумларини таъминлаш ва яширин иқтисодиёт улушини камайтиришга хизмат қилади.
Замонавий рақамли назорат тизимларини, жумладан, электрон мониторинг ва маркировка воситаларини жорий этиш соҳадаги шаффофликни янада оширади. Натижада аҳолининг сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилиниши таъминланиб, истеъмолчилар ҳуқуқлари ишончли муҳофаза этилади. Шу билан бирга, тадбиркорлар ва фуқаролар ўртасида доимий тушунтириш ҳамда тарғибот ишларини олиб бориш ҳуқуқий хабардорликни оширишда муҳим ўрин тутади.
Мазкур йўналишларнинг барчаси алкоголь ва тамаки бозорининг қонуний, шаффоф ҳамда хавфсиз фаолият юритишини таъминлаб, давлат манфаатлари ва аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
М.Қосимова, ЎзА