Алишер Навоий журнали жаҳон кезмоқда
Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий умумбашарий маданият хазинасидан муносиб ўрин олган ўлмас асарларини айнан она тилимизда яратиб, унинг шуҳратини бутун дунёга тараннум этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги Қарорида ҳақли равишда қайд қилинганидек, «Буюк шоир ва мутафаккир, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади».
Зеро Шарқ мумтоз тамаддунининг олтин бешиги бўлиб хизмат қилган Алишер Навоий асарлари жаҳон адабиётининг энг йирик полотноларидан бири сифатида ҳар томонлама таҳлил ва тадқиққа муносибдир.
Зеро, Алишер Навоий қолдирган мерос бугунги кунда ҳам маънавиятимизни юксалтириш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга ҳамда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган таълим ва фан соҳасини янада ривожлантириш билан боғлиқ вазифалар ижросининг таъминланишига ҳам хизмат қилади.
Бинобарин, Президентимизнинг қарорида тарихий-маданий меросимиз намуналарини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини тарғиб этиш, шу асосда юртдошларимиз, аввало, ёш авлодимизни халқимизнинг буюк маънавий меросига ҳурмат, она юртимизга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган ишларнинг натижадорлигини тубдан ошириш бўйича долзарб вазифалар турганини алоҳида таъкидлагани бежиз эмас.
Филология илми ва навоийшунослик, хусусан, адабий таъсир, қиёсий адабиётшунослик, матншунослик ва таржима масалалари билан шуғулланаётган тадқиқотчиларимизга, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий меросини тадқиқ этиш, Алишер Навоий ижоди ва адабий таъсир масаласида илмий тадқиқотлар яратиш вазифасини юклайди
Олимларимизнинг илмий салоҳияти, инновацион ғояларини жаҳонда тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро нуфузга эга «АЛИШEР НАВОИЙ» журнали таъсис этилганди. Ушбу журналда навоийшунослик, Навоий адабий меросининг умумжаҳон тамаддунида тутган ўрни ва адабий таъсир масалалари ёритиб борилмоқда.
Журнал Самарқанд давлат университети профессори И.Мирзаев ташаббуси ва бош муҳаррирлигида Tadqiqot.uz ҳамкорлигида ташкил қилинган. Буюк шоир таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан журналнинг 2-сони эълон қилинди.
Унда хориж навоийшунос олимларидан Бенедек Пéри, Ислам Жеменей, Бадриддин Мақсудов, республикамиз навоийшунос олимларидан эса Зулхумор Холмонова, Муҳаммаджон Имомназаров, Ибодулло Мирзаев, Қозоқбой Йўлдошев ва бошқаларнинг буюк шоир ижодига тегишли долзарб масалаларга бағишланган илмий кузатишлари ёритилган.
Ушбу халқаро электрон илмий журналга мақолалар ўзбек, рус, инглиз, француз, турк, тожик каби тилларда қабул қилинмоқда ва ушбу журналнинг аҳамияти ва нуфузи жаҳон навоийшунослигида муносиб қийматга эгадир. «Алишер Навоий» халқаро журнали Америка Қўшма Штатларининг Crossref.org тизимига киритилган ҳамда ҳар бир мақолага doi рақами берилади.
Б.Муҳиддинова, СамДУ доценти