Алимент тўлашдан қочиб юрган оталар қамалди
Бухоро вилояти МИБ Жондор тумани бўлими иш юритувида бўлган фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судининг 19.06.2001 йил 19 июндаги ижро ҳужжатига асосан қарздор фуқаро Салим Халилов икки нафар вояга етмаган фарзандларининг вояга етгунига қадар таъминоти учун ундирувчи фуқаро Лола Хусеновага 3 йил 7 ой учун ҳисобланган 41,6 миллион сўм алимент тўловларини икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўлашдан бўйин товлаб келган.
–Бўлим биносида ташкил этилган сайёр суд мажлисида жиноят ишлари бўйича Жондор тумани суди томонидан С.Халиловга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди, – дейди МИБ Жондор тумани бўлими давлат ижрочиси Баҳодир Кенжаев.
Оталик масъулиятини ҳис қилмаётган алимент тўловчи қарздорлар ижтимоий ҳаётда кўплаб учрайди. Шу мақсадда, Мажбурий ижро бюроси Жондор тумани бўлими биносида суд ва прокуратура ҳамкорлигида алимент тўлашдан бўйин товлаб келаётган қарздорларга нисбатан маъмурий ишлар сайёр суд тартибида кўриб чиқилди.
Натижада қарздор фуқаро М.Ж икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ундирувчи фуқаро Ж.С. фойдасига 7 ой учун 21,9 миллион сўм, фуқаро Т.Н бир нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун ундирувчи фуқаро Қ.Бга 28 ой мобайнида 17,1 миллион сўм, фуқаро А.Ё бир нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун фуқаро Р.Шга 5 ой учун 11,4 миллион сўм, фуқаро Т.А икки нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун фуқаро Ҳ.Зга 11 ой учун 9,2 миллион сўм, фуқаро И.И бир нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун фуқаро Х.Зга 5 ой учун 9,1 миллион сўм, фуқаро И.М икки нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун фуқаро С.Ага 7 ой учун 7.3 миллион сўм алимент пулларини икки ойдан ортиқ муддатда тўлашдан бўйин товлаб келганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегшили модасига асосан маъмурий қамоқ жазолари тайинланди.
Зариф Комилов, ЎзА