Алимент пули махсус жамғарма ҳисобидан тўланди
Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2018 йил март ойидаги ижро ҳужжатига асосан Термиз туманида яшовчи Шоим Суюнов (исм-шариф ўзгартирилди)дан уч нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Бироқ, қарздор ота фарзандларининг ҳолидан хабар олмай, алимент тўловларидан бўйин товлаб келгани сабабли жиноят ишлари бўйича туман судининг қарори билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Алимент тўловчи ота қўлланилган таъсир чораларидан тўғри хулоса чиқармасдан алимент қарздорлигини қасддан тўлашдан бўйин товлаб келган. Шундан сўнг МИБ Термиз туман бўлими жиноят иши қўзғатиб, озодликдан маҳрум этилди. Жиноят натижасида етказилган 15 миллион 600 минг сўм зарарни ундириш белгиланди.
– Давлат ижрочилари олиб борган ижро ҳаракатлари чоғида ушбу алимент қарздорлиги “Алимент тўловлари жамғармаси” ҳисобидан тўлиқ миқдорда ундирувчи номига очилган банк пластик картасига ўтказиб берилиши таъминланди, – дейди МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси инспектори Ғанишер Бердиев. Маълумотларга кўра, МИБ вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари жорий йилнинг ўтган даврида мазкур тоифадаги 25 та ижро ҳужжати бўйича 243 миллион сўм алимент пули махсус жамғарма ҳисобидан тўлаб берилган.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири