Алимент маблағлари ундирилмоқда
Мажбурий ижро бюроси Навоий вилояти бошқармасининг суриштирув ва маъмурий амалиёт шуъбаси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида алимент ижроси билан боғлиқ ҳужжатлар юзасидан бир қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, вояга етмаган шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаган фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 1- ва 2-қисмлари асосида 59 та жиноят иши қўзғатилган.
Шундан 8 ой давомида қўзғатилган 41 та жиноят иши бўйича суриштирув ҳаракатлари тўлиқ ўтказилиб, айблов далолатномалари тегишли судларга юборилган. Суриштирув ҳаракатлари давомида аниқланган зарар суммаларидан қарийб 431 миллион сўм ундирилиши таъминланган. Бундан ташқари, алимент тўловларини амалга оширмаган 700 нафар қарздорга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 474-моддаси асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли судларга юборилган.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 198¹ ва 198²-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан жами 17 794 нафар шахсга 2 миллиард 211 миллион 306 минг сўм миқдорида жарима қўлланилиб, шундан 993 миллион 552 минг 339 сўми ундирилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири