Албания етакчисининг мамлакатимизга ташрифи якунланди
Албания Республикаси Президенти Байрам Бегайнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи ниҳоясига етди.
Куни кеча Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Албания Президентлари расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказдилар. Икки давлат ўртасида амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди.
Албания етакчиси ташриф доирасида Самарқандда ҳам бўлиб, Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди, Амир Темур мақбараси, Регистон мажмуаси, Мирзо Улуғбек музей-расадхонаси, Самарқанд халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуасига ташриф буюрди.
[gallery-29994]
Бугун Байрам Бегай пойтахтимизда ўтказилаётган V Тошкент халқаро инвестиция форумида ҳам иштирок этиб, ялпи мажлисда нутқ сўзлади.
Тадбирлар якунлангач, олий мартабали меҳмонни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов ва бошқа расмийлар кузатиб қўйди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Фарҳод АБДУРАСУЛОВ (фото), ЎзА