Акциядорлар тажриба алмашди
Пойтахтимиздаги “Lotte City Hotel Tashkent Palaсe” меҳмонхонасида акциядорлар корпоратив бошқарув усуллари бўйича тажриба алмашди.
Пойтахтимиздаги “Lotte City Hotel Tashkent Palaсe” меҳмонхонасида акциядорлар корпоратив бошқарув усуллари бўйича тажриба алмашди.Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 24 апрелдаги фармонига мувофиқ мамлакатимиз акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув усуллари жорий этилмоқда. Бу улар фаолиятининг самарадорлигини тубдан ошириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбир иштирокчилари Жанубий кореялик инвесторлар томонидан бошқарилаётган пойтахтимиздаги “Lotte City Hotel Tashkent Palaсe” корхонасида татбиқ қилинган корпоратив бошқарув тизими билан яқиндан танишди.
“Lotte City Hotel Tashkent Palace” меҳмонхонаси юртдошларимиз ва хорижлик сайёҳларга яхши таниш. Бу меҳмонхона Жанубий Кореянинг “Lotte” компанияси томонидан халқаро талабларга мувофиқ модернизация қилиниб, замонавий жиҳозланди. Корпоратив бошқарув тизимининг татбиқ қилиниши корхона фаолиятини янада ривожлантирди.
– Меҳмонхонамизда ишни ташкил қилиш, мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича дунё тажрибасидаги самарали тизим, соҳадаги энг сўнгги янгиликлар жорий этилган, – дейди мазкур корхона бош менежери Ли Жонг Рок. – 232 кишига мўлжалланган қулай ва шинам хоналар меҳмонларга мунтазир. Учта ресторан, бар, бизнес учрашувлар ва халқаро тадбирларни ўтказишга мўлжалланган анжуманлар зали фаолият юритмоқда.
Тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга менежерлар жавоб қайтарди.