Акрамжон Неъматов: жамиятлар ўртасидаги ишонч бир-бирининг маданий кодларини чуқур билиш ва ҳурмат қилишдан бошланади
Тошкентда икки мамлакат оммавий ахборот воситаларининг таниқли вакиллари, медиатузилмалар раҳбарлари, маданият, театр, кино намояндалари, музей соҳаси, креатив индустриялар ва эксперт доиралари вакилларини бирлаштирган Ўзбекистон–Россия медиафоруми бўлиб ўтди.
Форум кун тартиби кенг қамровли ва амалий хусусиятга эга бўлди. Замонавий медиамуҳитнинг ўзгариши, рақамли платформаларни ривожлантириш, янги технологиялар, маданий-гуманитар ҳамкорлик, биргаликда контент яратиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашда ОАВ ҳамда маданият институтларининг ўрни эътибор марказида бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов “Медиада миллий маданий код: анъанавий қадриятлар ва келажакка нигоҳнинг уйғунлиги” мавзусидаги сессияга модераторлик қилар экан, икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг бугунги даражаси нафақат амалий ҳамкорликни кенгайтиришни, балки унинг ижтимоий асоси бўлган ишонч ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашни ҳам талаб этишини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, бир-бирининг миллий маданий кодларини чуқур билиш ва, аввало, ҳурмат қилиш бундай ишончнинг асосий шартидир.

А. Неъматов маданий код анъана ва рамзларнинг ўзгармас мажмуи эмаслигини таъкидлади. У жамият билан бирга ривожланади, янги мазмун билан бойийди, бироқ халқнинг ўзлигини англаши, фикрлаш тарзи ва атрофдаги оламга муносабатини шакллантирадиган қадриятлар негизини сақлаб қолади. Бунда тарихий хотира, тил, турмуш тарзи, оила, катта авлод, меҳнат, билим, инсон қадр-қиммати, ўзаро ёрдам ва яхши қўшничиликка муносабат назарда тутилади.
У Ўзбекистон ва Россиянинг маданий кодлари айнан бир хил бўлмаса-да, асосий қадриятлар жиҳатидан кўп жиҳатдан ҳамоҳанг эканини қайд этди. Бу прагматик ва мазмунли мулоқот учун мустаҳкам асос яратади. Бундай мулоқотда фарқларни йўқотишга интилиш эмас, балки бир-бирининг миллий ўзига хослигини тушуниш ва ҳурмат қилиш муҳимдир.
А. Неъматовнинг фикрича, жамият барқарорлигини таъминлайдиган, авлодлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайдиган ва жамиятни бирлаштирувчи муҳим маънавий таянч бўлиб хизмат қиладиган анъанавий қадриятларни асраб-авайлаш ва тарғиб этиш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
– Жамиятларимиз бир-бирининг маданий кодларини қанчалик чуқур билиб, англаб борса, ўзаро ишонч шунчалик мустаҳкам, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар эса шунчалик барқарор бўлади, — дея таъкидлади у.
ЎзА