Академияда таълим сифати ошмоқда: Устозлар байрамида янги имкониятлар
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Тадбир аввалида фахрийлар Академиянинг ўқув базаси билан яқиндан танишди. Жумладан, замонавий ўқув ва лаборатория хоналари, курсантлар ётоқхонаси кўздан кечирилиб, таълим ва тарбия жараёни учун яратилган шароитлар намойиш этилди.
Ташриф давомида курсантларнинг билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган янги ўқув хонаси, шунингдек, замонавий шароитларга эга курсантлар ётоқхонаси фойдаланишга топширилди.
[gallery-31706]
Объектларнинг фойдаланишга топширилиши Академияда таълим сифатини ошириш, курсантларнинг ўқув ва яшаш шароитларини янада яхшилашга қаратилган ишларнинг амалий ифодаси бўлди. Байрам тадбирининг расмий қисмида устоз ва мураббийларнинг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш соҳасида малакали, масъулиятли ва фидойи кадрларни тайёрлашдаги ўрни алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, кўп йиллик тажрибага эга фахрийлар билан ёш авлод вакиллари ўртасидаги мулоқот устоз-шогирдлик анъаналарини давом эттириш ва касбий тажрибани авлоддан-авлодга етказиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этди.
Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбир устозларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатини эътироф этиш ҳамда Академияда шаклланган устоз-шогирдлик анъаналарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Гулноза Бобоева,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА