Академиклар ва ёшлар учрашуви
Давлатобод туманидаги “Конгресс холл” анжуманлар залида Наманганда кўтаринки кайфиятда давом этаётган 65-халқаро гуллар фестивали доирасида яна бир нуфузли анжуман – “Академик ва ёшлар: илм-фан тараққиётини ёшлар яратади” мавзусидаги академиклар ва ёшлар конгресси бўлиб ўтди.
Илмий ва инновацион фаолият учун замонавий инфратузилмалар яратиш, илм-фан, ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлашга қаратилган ушбу тадбирда мамлакатимиздаги етакчи олий таълим муассасалари ректорлари, академиклар, профессорлар, илмий тадқиқот ишларини олиб бораётган илм-фан вакиллари ва талаба ёшлар қатнашди.
Наманган вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Наманган давлат техника университети, Ўзбекистон Фанлар академияси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида уюштирилган анжуман академиклар ва истиқболли ёшлар ўртасида илмий мулоқотни кенгайтириш, замонавий фан ютуқлари ва инновацион ғояларни тарғиб қилиш, ёш тадқиқотчилар ва иқтидорли талабаларнинг илмга бўлган қизиқишларини ошириш ва рағбатлантириш, қолаверса, “Илм-фансиз келажак йўқ” ғояси асосида режалар ишлаб чиқиш, ҳозирги кун талаблари асосида илмий ғояларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамиятга эга.
[gallery-29797]
Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони, академик Шавкат Аюпов, Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси, профессор Одилжон Маматкаримов, олий таълим, фан ва инновациялар вазири, профессор Конгратбай Шарипов Наманганда анъанавий равишда йўлга қўйилган тўртинчи анжуман академикларни ёшлар орасида танитиш, уларнинг фаолияти ва илмий ишларини оммалаштириш, етакчи олимлар, истеъдодли ёш илмий ходимларнинг фаолияти ва илмий тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш, айниқса, ёш олимлар фаолиятига катта туртки бериш, юртимиз илм-фан тараққиётида долзарб аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Бинобарин, конгресс янги режалар ишлаб чиқиш, ёшларнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашга бўлган қизиқишини кучайтириш, бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, барча соҳалардаги илмий ғояларни ҳаётга татбиқ этишда айни муддао бўлди.
Анжуманнинг илк кунида етакчи академик олимлар, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчиларнинг “Янги Ўзбекистонда илмий тадқиқотлар, инновациялар ва ёшлар салоҳияти: олий таълимнинг замонавий ривожланиш стратегияси”, “Математика фанининг Ўзбекистонда ривожланиши”, “Ўзбекистон ва жаҳонда вируслар ҳамда вирусология фанининг ютуқлари”, “Ўзбекистон флораси лойиҳаси”, “Жаҳон ва Ўзбекистон энергетикасининг ривожланиш истиқболлари” сингари муҳим мавзулардаги маърузалари ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Конгресс доирасида Наманган Президент мактаби ҳамда "Янги Ўзбекистон — ёшлар зиё маскани" ахборот кутубхонасида таниқли академиклар томонидан математика, физика, кимё каби фанлар йўналишларида маҳорат дарслари ўтилди.
Шунингдек, водий вилоятларидаги ёш олимлар, иқтидорли талаба-ёшларнинг академиклар ва форумнинг етакчи олимлари билан очиқ мулоқоти, илмий ишланмалар ва инновацион лойиҳалар кўргазмаси ўтказилиб, “Устоз-шогирд” анъаналари янада кучайтирилади.
Бундан ташқари, Наманган вилоятида жойлашган йирик ишлаб чиқарувчи корхоналар ва иқтисодиётнинг тегишли тармоқларидаги мавжуд муаммолар ечимига бағишланган муҳокамалар уюштирилиб, “Ишлаб чиқариш+Фанлар академияси+олий таълим” занжири доирасида интеграция мустаҳкамланди.
Анжуман якунида Ўзбекистон Фанлар академияси, илмий текшириш институтлари ва нуфузли олий ўқув юртлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, илмий-инновацион йўналишларда фаол ҳамкорлик ишларини олиб бориш, тадқиқотларни биргаликда ўрганиш, стажировкалар ташкил этиш, фундаментал ва амалий грант лойиҳалари бўйича халқаро танловларда биргаликда қатнашиш, жаҳоннинг пешқадам илмий институтлари билан алоқаларни янада кегайтиришга келишиб олинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА