"Академик ва ёшлар" учрашуви ўтказилди(+видео)
Мамлакатимизда ёшларни илм-фанга қизиқтириш, уларнинг салоҳият ва иқтидорларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш бугун давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Бу борада илм-фаннинг турли соҳаларида юқори натижаларга эришган ҳолда юртимизнинг халқаро мавқейини янада оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган олимларимиз ва мутахассисларимизнинг саъй-ҳаракатлари алоҳида эътирофга лойиқ. Шу жиҳатдан сўнгги вақтларда олий таълим муассасаларида мунтазам равишда ташкил этилаётган "Академик ва ёшлар" учрашувлари талаба-ёшлар ўртасида илм-фанга бўлган қизиқишни янги босқичга олиб чиқишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ана шундай учрашувларнинг навбатдаги манзили Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети бўлиб, университет Махсус факултети талаба ва тингловчилари билан таниқли тарихчи олим, тарих фанлари доктори, профессор, ЎзР ФА академиги, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Ахмадали Асқаров билан учрашув ташкил этилди. Ушбу учрашув талаба-ёшлар учун катта маънавий ва илмий аҳамият касб этди.
Таъкидлаш лозимки, Академик Аҳмадали Асқаров – нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон археология фанининг йирик намояндаларидан бири, миллий тарихчилик мактабининг ҳақиқий асосчиларидан ҳисобланади. Унинг илмий фаолияти Марказий Осиё цивилизациясининг энг қадимги илдизларини очиб беришга бағишланган. Аҳмадали Асқаровнинг меҳнатлари туфайли Ўзбекистон замини инсоният цивилизациясининг энг қадимги ўчоқларидан бири сифатида дунё илм-фанида ўз ўрнига эга бўлди. Шу боисдан ҳам унинг матонати ва илмий жасорати ёш олимлар учун чинакам ибрат мактабидир.
Тадбир давомида олим ўзининг илмий фаолияти, Ўзбекистон тарихини ўрганишдаги изланишлари ҳамда тарих фанининг жамият тараққиётидаги ўрни ҳақида қимматли фикрларини билдирди. Айниқса, ёш авлодда тарихий хотира, миллий ўзликни англаш ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Учрашув талабаларнинг билим доирасини кенгайтириш, уларни илмий изланишларга қизиқтириш ҳамда тарихий меросга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шунингдек, бундай тадбирлар ёшларнинг мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш ва уларни келажакда етук мутахассислар сифатида шакллантиришга хизмат қилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/VFDfwm_HiH8?si=JeUBwRMTx8DTTiom" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Нишонбой Абдувоитов, ЎзА