AI-80 бензини биржа савдоларига чиқарилди: бу уни АЁҚШларда сотиш қайта бошланди дегани эмас
Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, AI-80 маркали бензиннинг биржа савдоларига чиқарилиши уни аҳолига сотиш қайта йўлга қўйилганини англатмайди.
Чунки биржага қўйилган мазкур маҳсулот автомобилларга ёқилғи сифатида фойдаланиш учун эмас, балки қайта ишлаш корхоналарига хомашё сифатида етказиб бериш учун мўлжалланган.
Хўш, бундай бензиндан қандай мақсадда фойдаланилади?
Маълум қилинишича, AI-80 бензини технологик қайта ишлаш жараёнида қўлланилиб, ундан юқори октанли бензин ҳамда бошқа кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш мумкин. Яъни ушбу савдоларнинг асосий мақсади бензинни қайта ишлаш учун зарур хомашё сифатида етказиб беришдан иборат.
Савдо шартларига кўра, AI-80 бензинини фақат тегишли лицензияга эга бўлган қайта ишлаш корхоналари харид қилиши мумкин. Демак, уни биржадан харид қилиш ҳуқуқи барча истеъмолчиларга эмас, балки белгиланган талабларга жавоб берадиган корхоналарга берилган.
Шу ўринда, ҳайдовчилар учун муҳим жиҳатни алоҳида таъкидлаш лозим. AI-80 бензинининг биржа савдоларига чиқарилиши уни АЁҚШларда сотиш қайта бошланди, деган маънони билдирмайди. Уни автомобилларга ёқилғи сифатида сотиш бўйича амалдаги чекловлар ўз кучида қолади.
Демак, биржа савдоларига чиқарилган AI-80 бензини аҳоли эҳтиёжи учун эмас, балки саноатда қайта ишлаш ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун мўлжалланган.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА