Аҳолини иш билан таъминлаш прокурор назоратида
Бухоро вилояти прокурори Маҳмуд Истамов ташаббуси билан вилоятнинг Бухоро, Ромитан ва Пешкў туманларида яшовчи “Темир”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида субсидия асосида инкубатор етказиб берилди.
– Ромитан тумани 2-сектор ҳудудидаги жами 10 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 8 минг 328 та хонадон мавжуд, – дейди туман прокурори Ф.Атоев. – Хонадонларда 33 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 2020 йилда ишчи гуруҳлар томонидан ўтказилган хатлов натижасида пандемия сабабли доимий даромад манбаидан маҳрум бўлган, ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғирлашган 345 та оила “Темир дафтар” га киритилган эди. Эҳтиёжманд оилаларнинг меҳнатга қобилиятли 375 та аъзоларини доимий ишга жойлаштириш, шунингдек оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишни ўргатиш (иссиқхона хўжалигини юритиш, қорамол, парранда ва қўй боқиш, томарқадан ёки ижарага олинган ердан фойдаланиш) ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш натижасида ҳозирги кунда “Темир дафтар” рўйхатида 7 та оила қолди.Шунингдек, ушбу оилаларга “Саховат ва кўмак” жамғармаси, саховатпеша инсонлар ҳамда ҳомий ташкилотлар томонидан 585 миллион 684 минг сўмлик пул маблағлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, чорва ва парранда ва дори-дармонлар етказиб берилди.
Туманда ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш тизими жорий этилган бўлиб, “Ёшлар” ва “Аёллар” дафтарлари шакллантирилган. Сектор ҳудудидаги жами аҳолининг 22,6 фоизини ёки 7 минг 313 нафарини 18-30 ёшдагилар ташкил қилади. “Ёшлар дафтари” ни шакллантириш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан 8 минг 328 та хонадон ўрганилди. Жорий йилнинг ўтган даврида 102 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланиб, 91 нафарига тижорат банкларининг имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.
Д.Ниёзова, И.Файзуллаева, Ф.Наврузова, Н.Равшанова, Л.Исматов, У.Аслонов, С.Фармонов ва С.Ҳалимов туманда янгидан ташкил қилинган WBM “Romitex” корхонасига ишга жойлаштирилиб, бандлиги таъминланди. “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида 169 нафар ишсиз ёшларга бўш, боғ ва токзор ҳамда ғалла экилган ер майдонлари ҳисобидан жами 16.9 гектар ер майдони ажратилиб, иккиламчи шартномалар тузишга кўмаклашилди.
“Ҳунарли киши хор бўлмас” ғояси асосида 10 нафар ишсиз ёшларни “устоз-шогирд” анъанасига мувофиқ уста ҳунармандлар қўлида касб-ҳунар ўргатишга жалб қилинди. “Ёшлар дафтари” га киритилган сартарошлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган А.Эгамбердиевга 9 миллион сўмлик ҳамда тикувчиликка қизиқиши бўлган Н.Намозовага 4 миллион сўмлик замонавий тикув машинаси олиб берилди.
–“Ёшлар дафтари” да бўлганим сабаб вилоят прокурорининг ташаббуси билан субсидия асосида инкубатор етказиб берилди, – дейди туманнинг Ғазберон МФЙ Қуйи Ғазберон қишлоғида яшовчи, 26 ёшли Бахриддин Деҳқонов. – Биринчи марта инкубаторга 300 дона тухум қўйдим. Афсуски, техник носозликлар сабаб ишларим ўхшамади. Лекин тушкунликка тушмадим. Яна 300 дона тухум қўйиб, 210 та жўжа олдим. Айни пайтда жўжаларни боқаяпман. Сектор томонидан 1 сотиқ иссиқхона қуриб берилди. Айни пайтда иссиқхонада исмалоқ, кашнич, шивит, пиёз, редиска экилган. Мазкур маҳсулотлар февраль ойида тайёр бўлади. Бозорга олиб чиқиб сотишни режалаштиряпман. Ундан кейин иссиқхонада помидор, бодринг, қулупнай экаман. Йил давомида мана шу иссиқхонадан 3 маротаба ҳосил олишни режалаштирганман. Товуқхона, молхона қуриш ниятим ҳам бор.
[gallery-5291]
Сектор томонидан Бахриддиннинг томорқасида мўжазгина боғ ҳам яратилди. Боғда гилос, беҳи, нок, олма, шафтоли каби кўчатлар ўтқазилди. Турмуш ўртоғи ҳудуддаги 29-МТТ да ишга жойлаштирилди.
Ромитан туманида мавжуд аҳолининг 49 фоизи, яъни 16 минг 416 нафарини аёллар ташкил қилади. Шундан 6 минг 212 нафари 31 ёшдан катталар. Ишчи гуруҳи томонидан жами 6 минг 108 нафар аёлларга анкета-сўровномалари тўлдирилган. Анкета тўлдирилмаган 104 нафар хотин-қизларнинг барчаси ташқи миграциядагилардир.
“Аёллар дафтари” ни 2-босқичда шакллантириш мақсадида ўтказилган сўровнома якунида 502 нафар муаммоли аёллар аниқланди. Улар “Аёллар дафтари”га киритилди. Жорий йилнинг 3-чораги давомида 68 нафар аёллар корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилди. Тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган 65 нафар аёлларга имтиёзли кредит ажратилишига кўмаклашилган.
–Ишсиз эдим, – дейди туманнинг Тошработ МФЙ Қорахони қишлоғида яшовчи 39 ёшли 5 нафар фарзанднинг онаси Нурхон Боймонова. – Вилоят прокурори ташаббуси билан берилган инкубаторга олиб берилган 490 та бедана тухумини қўйдим. Айни кунда тухумлардан бедана жўжалари очилмоқда. Уларни кўпайтириб, бедана тухумчилиги ривожлантиришни мақсад қилдим. Сектор томонидан 5 та эчки. 40 сотих ер берилди. Ерда сабзи экиб 27 миллион сўм соф фойда қилдим. Дарвозахонам таъмирланиб берилди. Айни кунда молхонам қурилмоқда. Сектор раҳбарлари томонидан 2 нафар қизим бепул репититорга бормоқда. Ҳаётимда ўзгаришлар бошланди. Бунинг учун давлат раҳбарига рахмат. Бирон киши менинг ҳолимни сўрамади. Лекин Президентимиз ташаббуси билан менинг ва мен каби оилаларнинг ҳолидан хабар олинди. Тадбиркорликка ўргатилди. Тажрибам ошиб бормоқда.
Шунингдек, тикувчилик йўналишида фаолият бошламоқчи бўлган У.Жумаева, Ж.Жўраева, М.Сабанбаева, М.Остонова ва Б.Есеркегеновага замонавий тикув машинкалари, Г.Ражабова, Б.Нурманова, О.Мустафаева, Ш.Муродовага эса пишириқлар тайёрлаш учун мини печлари бепул олиб берилди. Даволанишга муҳтожлиги бўлган 40 нафар аёлларга 540 минг сўмдан бир маротабалик моддий ёрдам кўрсатилди.
Бундан ташқари, камбағал ва ишсиз фуқароларни, айниқса моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига (3 тоифа дафтарларга) киритилган оилаларни касб-ҳунарга ўргатиш ва уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2-сон касб-ҳунар мактабида ёшлар ва аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш марказ филиали ташкил қилиниб, 63 нафар аёллар касб-ҳунарга ўқитиш курсларига жалб қилинди.
Туман 2-секторида хотин-қизлар ҳуқуқий-психологик маслаҳатхонаси ташкил қилиниб, 12 нафар психолог мутахассислар жалб қилинган. Бугунги кунга қадар 54 та ажрим ёқасидаги оилалар яраштирилиб, 29 нафарига психологик ва 24 нафарига ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА