Аҳолига қулайлик яратилмоқда
Жорий йил 8-9 апрель кунлари давлатимиз раҳбарининг Жиззах вилоятига ташрифи пайтида ўтказилган йиғилишда 2024 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик ва Мирзачўл туманларини Жиззах шаҳри билан боғловчи “Иржар – Дўстлик – Жиззах” йўналишида тепловоз қатнови йўлга қўйилиши, давлат аҳамиятидаги ва ички автомобиль йўлларини таъмирлаш борасида мутасаддиларга аниқ топшириқ ва вазифалар берилган эди.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан “Иржар – Дўстлик” станцияларининг 7 километрида таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Шу кунга қадар 2 километрдан ортиқ масофадаги темир йўл излари қайта ётқизилди.


“Иржар – Дўстлик – Жиззах” темир йўллари йўналишидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етгач, йўловчи поезди қатновининг йўлга қўйилиши 450 минг аҳолининг вилоят марказига қатнашида енгиллик яратади.
Бундан ташқари, Президентимизнинг 2023 йил 2 майдаги “2023 – 2025 йилларда Жиззах вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.


Тумандаги йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ҳудуднинг 129 километр умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларига хизмат кўрсатади. Шундан давлат аҳамиятидаги автомобиль йўллари 80 километрни, маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллари 49 километрни ташкил этади.

Жорий йилнинг январь - май ойлари давомида Дўстлик йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ишчи-хизматчилари томонидан ҳудуддаги мавжуд йўл элементлари оқ-қора рангларга бўялиб, эскирган йўл белгилари қайта ўрнатилди. Шунингдек, 2023 – 2024 йил куз-қиш ва баҳор мавсумларида ёғингарчилик натижасида йўлларда ҳосил бўлган ўйдим-чуқурлар асфальт-бетон қоришмаси билан жорий таъмирланди. Хавфли бурилишларга қўйилган тўсиқларнинг яроқсиз ҳолатга келиб қолганлари қайта тикланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари