Аҳолига ўз вақтида суюлтирилган газ етказиб берилмоқда
Бугун аҳоли фаровонлигини ошириш, хонадонларни зарур коммунал ресурслар билан узлуксиз таъминлаш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, табиий газ тармоғи мавжуд бўлмаган ҳудудларда аҳолининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжини ўз вақтида қондиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни пайтда Навоий вилоятида 107 минг 113 нафар аҳоли суюлтирилган газ истеъмолчиси сифатида рўйхатга олинган. Уларнинг хонадонларига маиший газ баллонларидаги суюлтирилган газ белгиланган режа-жадвал асосида етказиб берилмоқда. Бу жараёнда газ таъминоти ходимларининг меҳнати, масъулияти ва тезкорлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, аҳолига хизмат кўрсатишда замонавий технологиялардан фойдаланилаётгани соҳадаги ўзгаришларнинг амалий натижасидир. Жумладан, Навбаҳор туманида 19 минг 707 та суюлтирилган газ истеъмолчиси мавжуд бўлиб, уларга маиший газ баллонлари режа-жадвал асосида Face ID тизими орқали етказиб берилмоқда.

Бундай рақамли механизм, аввало, таъминот жараёнида инсон омилини камайтириш, ҳисоб-китобларни аниқ юритиш, хизматларнинг манзиллилигини таъминлаш ва шаффофликни кучайтирмоқда. Энг муҳими, истеъмолчи ўз хонадонига ажратилган газни белгиланган тартибда олиш имкониятига эга бўлмоқда.
Жумладан, тумандаги 770 нафар суюлтирилган газ истеъмолчиси яшовчи Навбаҳор маҳалласида ҳам маиший газ баллонлари аҳолига белгиланган муддатларда етказиб берилмоқда.
– Маҳалламизга маиший газ баллонлари ҳар 40-45 кунда етказиб берилмоқда. Бундан, албатта, хурсандмиз. Газчиларга раҳмат айтамиз. Ёзнинг иссиқ кунларида ҳам, куз-қиш даврида ҳам суюлтирилган газ таъминотида узилиш бўлмаётгани биз учун жуда муҳим, – дейди маҳаллада яшовчи истеъмолчилардан бири Меҳринисо Абдураҳмонова.
Аслида, аҳолига коммунал хизмат кўрсатишда энг муҳим мезон унинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишидир. Шу нуқтаи назардан, суюлтирилган газ етказиб бериш тизимида рақамли технологияларнинг жорий этилиши соҳадаги бошқарув самарадорлигини ошириш билан бирга, истеъмолчи ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Face ID тизими орқали маиший газ баллонларининг етказиб берилиши таъминот жараёнини янада шаффоф ташкил этиш, турли суиистеъмолчилик ва коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, ҳар бир истеъмолчининг газ билан таъминланганини аниқ ҳисобга олиш имконини бермоқда.
Иш фақат газни етказиб бериш билан чекланмаяпти. Аҳоли ўртасида маиший газ баллонларидан тўғри ва хавфсиз фойдаланиш қоидалари мунтазам тарғиб қилинмоқда. Бу эса инсон ҳаёти ва саломатлигини асраш, хонадонларда хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан ниҳоятда муҳим.
А.Бўриев, ЎзА мухбири