Аҳоли хавфсизлиги муҳим вазифа
Ис газидан огоҳ бўлиш, қўлбола газ печларидан фойдаланмаслик, дудбўрон, мўриконларини мавсум олдидан тозалигини текшириш фуқароларнинг хавфсизлиги учун жуда муҳим саналади. Шу боисдан Навоий вилояти “Қизилтепатумангаз” газ таъминоти бўлими масъул ходимлари томонидан куз-қиш мавсуми олдидан маҳаллаларда турли тарғибот ва профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Бугунги кунда Алишер Навоий маҳалласида 1190 нафар табиий газ истеъмолчиси мавжуд. Олиб борилган тарғибот тадбири давомида газ таъминоти бўлими ходимлари хонадонма-хонадон юриб, табиий газдан хавфсиз фойдаланиш қоидалари кенг тушунтирилди. Турмушда хавфсизлик автоматикасига эга ва табиий газни иқтисод қилувчи энергия тежамкор газ ёндиргичлари ҳамда ускуналаридан фойдаланиш афзалликлари айтиб ўтилди.

– Туманда аҳоли табиий газ истеъмолчилари сони 22 минг 49 тани ташкил қилади, – дейди тумангаз газ таъминоти бўлими ходими Расулжон Жўраев. – Куз-қиш мавсуми олдидан аҳолинингҳушёрлигини ошириш, табиий газ билан боғлиқ турли кўнгилсиз ҳодисалар олдини олиш учун профилактик тадбирлар режасини тузиб олганмиз. Олиб борилаётган тадбирларда ис гази, унинг оқибатлари, ностандарт газ печи зарарлари ва бошқа мавзуларда истеъмолчиларга тушунтириш беряпмиз. Шунингдек, тежамкор газ ускуналаридан фойдаланиш афзаллиги ҳам тарғибот қилинмоқда. Жорий йилнинг шу даврига қадар аҳоли хонадонларига 1360 та энергия тежамкор газ ёндиргичлари ўрнатилган бўлса, хавфсизликка оид 10 мингдан ортиқ эслатмалар тарқатилди.
– Табиий газни иқтисод қилиш мақсадида хонадонимизда тежамкор газ ускуналаридан фойдаланиб келяпмиз, – дейди истеъмолчилардан бири Умида Шамсиева. – Бугунги тарғибот тадбири давомида эслатма буклетлари берилди. Ундаги қоидаларга, албатта, амал қиламиз.
Жойларда олиб борилаётган бу каби тарғибот ва профилактик тадбирлар аҳолининг иқтисодий фаровонлиги ва хавфсизлиги учун олиб борилаётганлиги билан аҳамиятлидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири