Аҳоли ўзи танлаган номзодга овоз бермоқда
Қашқадарё вилоятида ҳам фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови юқори савияда ташкил этилмоқда.
Қарши тумани Потрон маҳалласида фуқаролар йиғини раисини сайлаш жараёнлари кўтаринки руҳда ўтказилди. Ушбу маҳаллада 6 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Шундан 2 минг 590 нафари сайлов ёшига тўлган фуқаролардир. Ҳар галгидан фарқли ўлароқ бу галги сайловларда аҳоли вакиллари ўзлари муносиб кўрган номзодга овоз бериш жараёнида фаол қатнашди. Бу одамларнинг сиёсий қараши сўнгги йилларда тубдан ўзгарганини кўрсатади.

– Ростини айтсам, маҳалла раиси сайловида илк бор қатнашишим, – дейди Сабоҳат ая Ёқубова. – Илгари янги раис сайланганини ҳам билмай қолардик. Бу тарзда сайлов ўтказилишини биз орзу қилганмиз. Юртбошимиз ташаббуси билан халққа мана шундай имконият яратиб берилди. Албатта, раисликка сайланган номзод халқни ўйлайдиган, маҳалла ривожи учун фидойилик билан меҳнат қиладиган инсон бўлиши лозим. Мен ҳам ўзим танлаган муносиб номзодга овоз бердим.

Якуний натижаларга кўра, Лазиз Мирзаев Потрон маҳалла фуқаролар йиғинининг янги раиси этиб сайланди. Сайлов жараёнларида Олий Мажлис Сенати аъзоси Маҳмуд Парпиев ҳам иштирок этди.
Ўлмас Баротов, ЎзА.