Аҳоли ўртасида юқумли касалликларнинг олди олинмоқда
Мутахассисларнинг таъкидлашича ёз фаслида бошқа вақтларга қараганда турли юқумли касалликлар кўпаяди. Бу эса фавқулодда ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли йил 12 ой соҳа ходимларидан белгиланган чора-тадбирлар асосида ишни ташкил этиш ва масъулият талаб этади.
Мухбиримиз Навоий вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Зафар Азимов билан вилоятда эпидемиологик вазиятни барқарор сақлаш, касалликларнинг олдини олишда амалга оширилаётган профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар ҳақида суҳбатлашди.

– Бошқармамиз ва унинг шаҳар, туман бўлимлари томонидан белгиланган тадбирларни ўз вақтида, сифатли амалга оширилиши натижасида 2024 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда бир қатор юқумли ва паразитар касалликлар, жумладан, ич терлама, паратиф, салмонеллёз, бўғма, дифтерия, полимиелит каби касалликлар умуман қайд этилмаган.

Вилоят аҳолиси ўртасида эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида 2024 йил 27 февралда “Вилоятда болалар ўртасида вирусли гепатитнинг А тури билан касалланишни камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш бўйича 2024-2025 йилларга мўлжалланган қўшма чора-тадбирлар тўғрисида” Ташкилотлараро дастур тасдиқланган. Ушбу чора-тадбирлар ижроси бўйича олиб борилган профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар самараси натижасида 2024 йилнинг ўтган 6 ойи давомида 14 ёшгача бўлган 7 минг 126 нафар бола вирусли гепатитнинг А турига қарши эмланди. Бемор билан мулоқотда бўлган 17 минг 886 нафар фуқаро лаборатор усулда текширилди.

– Вилоят ҳудудида ўта хавфли юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича қандай чора-тадбирлар белгиланган?
– Албатта, ўта хавфли юқумли касалликларнинг олдини олиш, белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ҳар доим муҳим вазифалардан бири саналади. Шунинг учун вилоятда 1193 нафар антирабик ёрдамга мурожаат қилган шахсларнинг 1029 нафарига шартли ва 164 нафарига тўлиқ эмлаш курси ўтказилган. Аҳоли ўртасида зооантропоноз ўта хавфли юқумли касалликлар, шу жумладан, Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллигини олдини олиш бўйича 2024 йилнинг ўтган даврида 11 минг 743 нафар тиббиёт ходимлари қайта тайёргарликдан ўтказилди.

Жорий йилда шаҳар ва туманларда кейинги 5 йилда Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллиги билан касалланиб соғайган 20 нафар фуқаронинг қон зардоблари оптик зичлиги ва хавфсизлиги бошқарманинг ўта хавфли юқумли касалликлар лабораториясида текширилиб, улар донор сифатида фойдаланиш мақсадида тайёрлаб қўйилди. Бугунги кунда вилоят қон қуйиш масканида 10,5 л муқаддам Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллиги билан оғриб, соғайган беморларнинг қон зардоби захираси мавжуд.

– Маълумки, юқумли касалликларнинг олдини олишда эмлашнинг фойдали жиҳатлари кўп. Бу борадаги ишлар қандай йўлга қўйилган?
– Вилоятда Ўзбекистон Республикаси Миллий эмлаш календари асосида профилактик ва эпидемик кўрсатма асосида эмлашлар олиб борилмоқда. Жумладан, вилоятнинг туғруқ комплекслари ва туғруқ бўлимларида туғилган 8 693 нафар чақалоқ вирусли гепатит В касаллигига қарши ВГВ вакцинаси билан, 8 600 нафари сил касаллигига қарши БЦЖ вакцинаси билан эмланди.

Бирламчи даволаш профилактика муассасаларидаги эмлаш пунктларида 11 676 нафар бола полиомиелитга қарши ОПВ вакцинаси билан, 9 714 нафари ИПВ вакцинаси билан, 9 360 нафари таркибида 5 хил юқумли касалликка қарши компонент сақлаган Пентавалент вакцинаси билан, 9 139 нафар бола ротавирусга қарши Рота вакцинаси билан билан эмланди. Шунингдек, болаларда пневмококк, қизамиқ, қизилча, эпидемик паротит, бачадон бўйни саратони касаллигини келтириб чиқарувчи одам папиллома вирусига қарши вакциналар билан ҳам эмлаш ишлари олиб борилди.
Вилоят аҳолиси, хусусан, болалар ўртасида паразитар касалликларнинг олдини олиш мақсадида 2-10 ёшдаги болалар ўртасида гижжа касаллиги билан касалланганлар ва улар билан мулоқотда бўлган шахсларни даволаш учун ҳудудий даволаш профилактика муассасаларига керакли препаратлар тарқатилиб, касаллик аниқланган болаларда даволаш тадбирлари олиб борилди.
–Мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида санитария-гигиеник тадбирларни таъминлаш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Албатта, вилоятда мунтазам равишда мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг санитария-гигиеник ҳолати юзасидан ўрганишлар олиб борилади. Жорий йилнинг ўтган даврида жами 459 та муассасада, жумладан, 231 та мактабгача таълим муассасасида, 2 та мактаб интернатда, 190 та умумтаълим мактабида, 14 та ўрта-махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида ва 22 та бошқа муассасаларда текширувлар ўтказилди.
Текширишларда аниқланган камчиликлар санитария қоида ва меъёрларига риоя қилмаганлиги ҳамда лаборатория таҳлил натижаларига асосан 319 та таълим муассасалари ходимларига жарима чораси қўлланилди. 7 та муассаса иш фаолияти вақтинча тўхтатилди, 182 та ходим тиббий кўрикдан ўтмаганлиги сабабли вақтинча ишдан четлатилди, қарийб 77 кг сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолга яроқсизлиги аниқланиб, истеъмолдан олинди.
Шунингдек, 219 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида белгиланган тартибда режадан ташқари текширишлар ўтказилиб, уларнинг 50 тасида камчиликлар аниқланди ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилди.
ЎзА мухбири Абдували Бўриев суҳбатлашди