Аҳоли ўртасида юқумли касалликлар камаймоқда
Навоий вилоятида аҳоли ўртасида 2023 йил 4 ойи мобайнида ўз вақтида санитария-гигиена ва эпидемияга қарши чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида ичтерлама, паратиф, касалликлари қайд этилмаган. Ўткир диарея касаллиги ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25,2 фоизга камайишига эришилган.
Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Рустамов “Вилоят аҳолиси ўртасида юқумли касалликларнинг олдини олиш ва камайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

– Вилоят аҳолиси ўртасида ўткир диарея касаллигининг олдини олиш ва кескин камайтириш мақсадида барча шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларига қарашли марказий поликлиникалар, оилавий шифокор пунтлари ва оилавий поликлиникаларда 1 майдан бошлаб оғиздан суюқлик ичириш пунктлари ташкил этилган, – дейди Б.Рустамов. – Бу пунктларнинг асосий вазифаси ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиш белгилари ва алиментар диарея касалликлари аломатлари аниқланган беморлар 6 соат мобайнида ётқизилиб, турли тузли эритмалар ёрдамида дастлабки даволаш ишлари амалга оширилади.
Беморларнинг соғлиги ижобий томонга яхшиланганидан сўнг уйига жавоб берилади ва 3 кун мобайнида ҳудудий профилактика муассасалари тиббиёт ходимлари томонидан патронаж ишлари олиб борилади.
Вилоят аҳолиси ўртасида вирусли гепатит касаллигини олдини олиш ва камайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширилиши натижасида касалликни камайишига эришилди.

Президентимизнинг 2022 йил 17 майдаги “Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида” ги қарори асосида аҳоли орасида вирусли гепатитнинг В, С турларини эрта аниқлаш ва даволаш тадбирларини амалга ошириш мақсадида 25 минг дона экспресс тестлар захираси ташкил этилган. Суринкали жигар хасталиклари, суринкали гепотохолицистит касалликлари билан оғриган беморлар вилоятнинг барча шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларидаги кўп тармоқли марказий поликлиникалар, жойлардаги даволаш муассасаларига мурожаат этиб, давлат томонидан бепул текширишлари мумкин.

Текширишлар натижалари бўйича вирусли гепатит С маркерлари мусбат натижа аниқланган беморлар вилоят гепотомарказида тегишли қўшимча лаборатория текширувлари ва врачлар томонидан кўрикдан ўтказилиб, давлат томонидан бепул вирусли гепатит С касаллигига қарши вирусли дори-дармонлар берилади.

Шаҳар ва туман СЭО ва ЖС бўлимлари томонидан 7-10 ёшли болалар ўртасида гижжа касалликларининг олдини олиш ва камайтириш мақсадида 91 минг 835 дона албендазол дори воситаси тарқатилиб, дегельминтизация тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, матбуот анжуманида вилоятда аҳоли ўртасида қутириш, куйдирги, қора оқсоқ, Қрим-Конго геморрагик иситмаси касалликларининг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
А.Бўриев, ЎзА