Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда очиқлик ва самарадорлик оширилмоқда
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги томонидан фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни чуқур таҳлил қилиш, уларни самарали ҳал этиш ва тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича ишлар янада такомиллаштирилмоқда.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ҳамда 2026 йил 1 апрелдаги “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Хусусан, мурожаатларни кўриб чиқиш самарадорлигини ошириш, уларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш ва тизимли муаммоларни барвақт бартараф этиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ тузилди. Шунингдек, аниқланган муаммоларни жойида ҳал этиш учун Президентнинг Халқ қабулхоналари билан доимий ҳамкорлик механизми йўлга қўйилди.
Бу ҳақда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Мурожаатлар бўлими бошлиғи Аброр Жамолов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вазирликка тўғридан-тўғри жами 297 та мурожаат келиб тушган. Шундан 60 таси ёзма, 149 таси оғзаки ва 88 таси электрон шаклда қабул қилинган. Уларни кўриб чиқиш натижасида 251 таси бўйича тегишли чоралар кўрилган, 41 тасига тушунтириш берилган, 5 таси эса ҳозирда кўриб чиқилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари орқали 208 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 175 таси қаноатлантирилган, 19 тасига тушунтириш берилган, 2 таси аноним деб топилгани сабабли кўриб чиқилмаган, 12 таси эса айни пайтда кўриб чиқилмоқда.
Бундан ташқари, “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали 18 та, “Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот” электрон платформаси орқали 27 та ҳамда “Экспортчилар маркази” электрон автоматлаштирилган тизими орқали 4 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг барчаси ижобий ҳал этилган.
Брифингда мурожаатлар билан ишлаш соҳасида ходимлар малакасини ошириш ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 октябрдаги 582-сон қарорига мувофиқ, жорий йилнинг ўтган даврида вазирлик марказий аппаратининг 50 нафар ходими Юристлар малакасини ошириш марказида ташкил этилган қисқа муддатли ўқув курсларида иштирок этиб, малакасини оширди. Йил якунига қадар вазирлик тизимидаги ташкилотлардан яна 39 нафар ходимнинг малакасини ошириш режалаштирилган.
Аҳоли билан қайта алоқани кучайтириш ва мурожаатларни тезкор ҳал этиш мақсадида вазирликда рақамли технологияларни жорий этиш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, расмий веб-сайт ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар орқали электрон шаклда ариза, таклиф ва шикоятларни қабул қилиш тизими йўлга қўйилган.
Шунингдек, вазирлик тизимидаги ҳудудий ташкилотларда видеоконференцалоқа воситалари билан жиҳозланган махсус хоналар ташкил этилиб, чекка ҳудудларда яшовчи фуқаролар мурожаатларини масофадан қабул қилиш имконияти яратилган.
Вазирликда ишонч телефони фаолияти ҳам йўлга қўйилган бўлиб, келиб тушаётган мурожаатларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва ижросини назорат қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, жисмоний ва юридик шахслар вазирликка ариза, таклиф ҳамда шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА