Аҳоли бандлигини таъминлаш муҳим иш
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан
Бизнес-омбудсман ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда ёшларни тадбиркорликка жалб этиш ва бандлигини таъминлашга қаратилган «Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор» тамойили асосида меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Тадбирда бугунги кунда бандлиги таъминланмаган ишсиз ёшлар, аёллар, ташқи меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқаролар иштирок этди.
Ярмаркада Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларидан йирик ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, қурилиш корхоналари, тижорат банклари бўш иш ўринлари билан иштирок этди.
Амалга оширилган тадбирлар натижасида 497 нафар ёшга йўлланма берилиб, доимий иш ўринларига жойлаштирилди. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларига ёшлар бандлигини таъминласа уларга бериладиган имтиёзлар ҳақида тушунчалар берилди.
– Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ёшлари форумида ёшларда ижобий мотивация, бизнес ва тадбиркорлик соҳасида зарур билим ва малакаларини шакллантириш, шу орқали уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ва бандлигини таъминлаш бўйича “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” ташаббусини билдирди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони етакчи инспектори Б.Жақсимов. – Ушбу ташаббус доирасида ҳудудларда ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб-хунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни ташкил этиш асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафар ишсиз ёшни бириктириш орқали 2021 йилда камида 500 минг нафар ёшни иш билан таъминлаш вазифаси белгилаб берилди.
Мамлакатимизда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш имкониятларини янада кенгайтириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича янги механизмлар тадбиқ қилинмоқда. Ушбу соҳада ёшлар ва тадбиркорларга қатор имтиёзлар берилаяпти.
Масалан, 2023 йил 1 январга қадар иш берувчиларга (бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно) улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммаси Давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади. Бунда, ижтимоий солиқ суммаси ёш ходимлар олти ой давомида узлуксиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши шарти билан еттинчи ойдан бошлаб қайтарилади.
“Ёшлар дафтари»га киритилган ишсиз ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига давлат мулкини ижарага олишда ижара тўловларидан имтиёзлар тақдим этилди. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бино ва иншоотларни ижарага олган ёш тадбиркорларга бир йиллик ижара харажатларининг 30 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача бўлган миқдори «Ёшлар дафтари» жамғармалари ҳисобидан компенсация қилинади.
Бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ҳамда амалга оширишда Бизнес-омбудсман томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Яъни, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида асоссиз аралашувларга чек қўйиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда ушбу соҳа фаолиятини ривожлантириш, қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий чоралар кўрилмоқда.
[gallery-3032]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА